Роботларга қатл ҳуқуқи бериладими?
БМТнинг Женевадаги анжуманида инсон аралашувисиз нишонни танлаб, ҳужум қила оладиган бошқарувчисиз қуролни халқаро миқёсда тартибга солиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Давлатлар шу ҳафта бундай аслаҳа яратиш бўйича расмий музокарани бошлаш ёки бошламаслик ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бош котиб Антониу Гутерриш ва Рим папаси Лев XIV инсон ҳаёти билан боғлиқ қарорни машина ихтиёрига топширмасликка чақирмоқда.
Австрия, Бельгия, Бразилия, Ирландия, Мексика, Янги Зеландия ва Панама янги халқаро келишув бўйича мулоқот бошлаш таклифини илгари сурди. Ташаббус тарафдорлари 130 давлат автоном қуролга оид халқаро қоида жорий этилишини қўллаб-қувватлаётганини билдирган. АҚШ ва Россия каби ҳарбий салоҳияти юқори давлатлар чекловга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Музокара жараёнидаги асосий муаммо – қарор консенсус асосида қабул қилиниши. Демак, бир давлат қаршилиги ҳам келишувга тўсқинлик қилиши мумкин. Москва бундай қуролни чеклаш бўйича музокара олиб боришга ҳозирча эрта, деб ҳисоблаяпти. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси раҳбари Миржана Сполярич мамлакатларни уруш келажагини машина ихтиёрига топширмаслик учун ҳаракат қилишга чақирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА