“Тоза шаҳар – барчамиз учун!”: экологик маданиятни юксалтириш йўлида
Андижон давлат чет тиллари институтида “Тоза шаҳар – барчамиз учун!” деб номланган ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда лойиҳа ташкилотчилари, экофаоллар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Тадбирда республикамизнинг 13 та ҳудудида “Тоза шаҳар” номли ўқув машғулотлари ўтказилиши, машғулотларда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, уларни алоҳида йиғиш, саралаш, қайта фойдаланиш ҳамда айланма иқтисодиёт билан боғлиқ масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиев лойиҳанинг, ўқув машғулотининг мақсади, аҳамияти ҳақида маълумотлар берди.
– Лойиҳанинг асосий мақсади, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, қаттиқ маиший чиқиндиларга масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳамда уларни самарали бошқариш бўйича иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган, – дейди Шерзодбек Валиев. – Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг экологик барқарорликни таъминлашдаги ўрни, роли ва иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбирда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фозилжон Юнусов, Андижон вилояти Минтақавий тадқиқот маркази раҳбари Шуҳратбек Камаловнинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди.

Маърузаларда чиқиндиларга шунчаки ташлаб юбориладиган материал сифатида эмас, балки қайта ишлаш ва қайта фойдаланиш орқали иқтисодий қиймат яратиш имконини берувчи ресурс сифатида қараш зарурлиги, ушбу жараённинг иқтисодий аҳамияти хусусида кенг тушунчалар берилди.
“Тоза шаҳар” ўқув компанияси машғулотлари учун умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган “Ноль чиқинди” мавзусида ахборот-таълим материаллари тўплами ишлаб чиқилган. Мазкур тўпламдан ўқувчи ва талабаларнинг экологик билимларини бойитиш, қаттиқ маиший чиқиндиларга нисбатан масъулиятли муносабатини шакллантиришга оид материаллар жой олган.

Ушбу материаллар республика бўйича 10 мингдан зиёд умумтаълим мактабларига тарқатилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида “Ёшлар медиакомпанияси” тадбирлари ўтказилади. Ушбу тадбирларга 10 минг нафар йигит-қиз қамраб олинади. Интерфаол ўйинлар, видеоролик, тақдимот ҳамда инфографика кўринишларида ўтказиладиган тадбирлар орқали ёшларнинг экологик маданияти янада мустаҳкамланади.
Чиқиндиларни камайтириш, уларни тўғри саралаш ва қайта ишлашга қаратилган ушбу лойиҳа нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мусаффоликни таъминлаш, балки келажак авлод учун тоза ва барқарор муҳитни яратишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири