“Тўтинома”нинг тарихини биласизми?
"Тўтинома"нинг асл яратилиш тарихи, Зиёвуддин Нахшабийнинг асар устидаги ноёб меҳнати узоқ йиллар нотўғри баҳоланди. Бир қўлёзма бу сирларга ойдинлик киритди.
Ҳозирги Қашқадарё вилояти ҳудудидаги қадим Нахшаб шаҳри ўрта асрларда нозик дидли котиблар ва тафаккур аҳли камол топган йирик маданий марказ бўлган. Ана шу муҳитда таълим олган Зиёвуддин Нахшабий кейинчалик Ҳиндистонга сафар қилиб, Бадаун шаҳрида ҳаёт кечирди ва ҳижрий 730, яъни милодий 1329–1330 йилларда ўзининг довруқ қозонган асарини ёзиб тугатди. Муаллиф китобни “Ҳикоят ад-дироят”, яъни “Зукколик ҳикоятлари” деб атаган бўлса-да, қўлёзма халқ орасида “Тўтинома” номи билан машҳур бўлди. Ўткир заковат, турмуш синовлари ва аёллар макри ҳақидаги бу қизиқарли воқеалар силсиласи кейинги асрларда мусулмон Шарқининг севимли асарларидан бирига айланди. Бироқ 19-юз йилликдан эътиборан Европа ва рус шарқшунослигида ушбу ёдгорлик ҳақида бирёқлама илмий қараш қарор топди. Тадқиқотчиларнинг катта қисми “Тўтинома”ни ҳиндларнинг қадимги “Шукасаптати” (“Тўтининг етмиш ҳикояси”) тўпламидан санскрит ёки ҳиндий тилидан бевосита форсийга ўгирилган таржима, Нахшабийнинг ўзини эса илк таржимон деб баҳолаб келдилар.
Ваҳоланки, Зиёвуддин Нахшабий асар муқаддимасидаёқ китобат тарихини очиқ ёзиб қолдирган эди. Муаллиф ўзига қадар ҳинд манбалари асосида номаълум бир киши томонидан эллик икки достондан иборат форсий таржима яратилганини кўрсатади. Маҳаллий аъёнлардан бирининг илтимосига кўра, Нахшабий ўша мавжуд матнни қайта ишлаган, эски ва оғир жумлаларни сезиларли даражада қисқартирган, айрим ҳикоятлар ўрнига янгиларини битган ҳамда кечаларнинг кириш ва якуний қисмларини қайта тузган. Бироқ Нахшабий ўзидан аввалги таржимоннинг шахсини очиқламаган эди. Шу сабабли кейинги авлод олимлари бу иқрорни китобхонни жалб қилиш учун ўйлаб топилган шунчаки бадиий тўқима сифатида қабул қилдилар. Фақатгина 1867 йилда немис шарқшуноси Вильгельм Перч бу маълумотга жиддий эътибор қаратиб, Нахшабий тайёр матнни таҳрир қилганини билдирди. Орадан бир аср ўтиб, 1970 йилда олим А.Алимардонов ҳам Нахшабий ижодига бағишланган тадқиқотида ушбу масалани илгари сурди, аммо дастлабки матннинг ўзи топилмагани боис бу даъво узоқ йиллар исботсиз фараз бўлиб қолди.
Ушбу тугун 1973 йилда Теҳронда амалга оширилган кутилмаган нашр орқали ечилди. Эронлик тадқиқотчи Шамсиддин Оли Аҳмад маҳаллий Мажлис кутубхонасида 6680-рақам билан сақланаётган XIV аср ўрталарига оид ягона нодир қўлёзма асосида “Жавоҳир ал-асмор”, яъни “Тунги суҳбатлар гавҳарлари” китобини босмадан чиқарди. Бу асарга Деҳли султони Алоуддин Муҳаммад Халжий саройида яшаган Имод бин Муҳаммад Норий муаллифлик қилган эди. Ҳукмдор 1296–1316 йилларда салтанат юритган бўлиб, Имод Норий мазкур китобга султонликнинг ўн еттинчи ёки ўн саккизинчи йилида, яъни 1313–1316 йиллар оралиғида қўл урганини таъкидлайди. Имод Норий ўз муқаддимасида ҳинд тилидаги етмиш икки ҳикоятли тўти ҳақидаги қўлёзмани топиб, уни форсийга тўлиқ таржима қилганини, сўнгра уларнинг бир қисмини ажратиб олиб, “Калила ва Димна”нинг ҳали форс тилига ўгирилмаган бўлимлари билан бойитганини ёзади. Шу тариқа, эллик икки кечани ўз ичига олган тўплам юзага келган. Мазкур далил Нахшабийдан сал аввал айнан шундай тузилишдаги форсий китоб мавжуд бўлганини узил-кесил тасдиқлади.
Ушбу ноёб манбани аниқлаш орқали асл ҳақиқатни тиклаш имконияти туғилди. Манбашунос-шарқшунос олим О.Акимушкин Санкт-Петербургда сақланаётган С-121 рақамли “Тўтинома” матнини “Жавоҳир ал-асмор” билан қиёслаб чиқди. О.Акимушкиннинг матний текширувлари натижасида “Жавоҳир ал-асмор”дан бизгача етиб келган қирқ саккизта достоннинг қирқ учтасини Нахшабий тўғридан-тўғри қабул қилгани маълум бўлди. Тадқиқотчи Нахшабий воқеалар сюжети ва мазмун ўзагини тўлиқ сақлаган ҳолда матнга пухта таҳририй сайқал берганини аниқлади. Шу билан бирга, О.Акимушкин Имод Норий китобидаги 24, 42, 44, 45 ва 46-достонлар Нахшабий томонидан бутунлай олиб ташланганини ҳамда уларнинг ўрнига ё муаллифнинг ўзи тўқиган, ёки бошқа манбалардан танланган янги ҳикоятлар жойлаштирилганини асослаб берди. Теҳрон қўлёзмасидаги саҳифалар йўқолгани боис 27, 50, 51 ва 52-кечалар сақланмаган бўлса-да, “Тўтинома”даги тўққизта ҳикоятдан камида бештаси шубҳасиз Нахшабийнинг мустақил ижоди экани ойдинлашди.
Бу илмий хулоса Зиёвуддин Нахшабийнинг адабиёт тарихидаги мавқеига холис баҳо бериш имконини беради. У шунчаки кўчирувчи эмас, балки мураккаб ва оғир бирламчи манбани халқчил қиёфага келтирган етук муҳаррир ва айни пайтда янги ҳикоятлар яратган мустақил адиб бўлган. Имод Норий тузган таржима ҳаддан ташқари чўзиқ, сўзлари оғир ва серҳашамлиги сабабли тез орада муомаладан чиқиб, китоб жавонларида унутилган. Нахшабий эса ҳар бир тун ҳикоятини ихчамлаштирди, кириш ва хулосаларни мантиқий тартибга солди ҳамда тилга беқиёс равонлик бағишлади. Натижада Нахшабий таҳрири дастлабки хом таржимани бутунлай сиқиб чиқарди ва жаҳонга танилди. Кейинги асрларда турли шарқ ва ғарб тилларига қилинган барча таржималар Имод матнига эмас, айнан Нахшаб фарзандининг таҳририга асосланди.
Қадимий қўлёзмаларнинг сақланиб қолган саҳифаларини қиёсий тадқиқ этиш аждодларимизнинг китобат соҳасидаги юксак салоҳиятини далиллар билан намоён этади. Нахшаб мактаби тарбиясини олган мутафаккирнинг бу маҳорати Шарқ адабиётидаги таржима ва таҳрир иши шунчаки матн кўчириш эмас, балки алоҳида ижодий санъат бўлганидан гувоҳлик беради.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади.
ЎзА