Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича жаҳон кубоги босқичи бошланди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, гимнастика федерацияси ҳамда Ўзавтосаноат томонидан спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги босқичи ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда спорт гимнастикасини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида ушбу спорт турига қизиқишни ошириш ҳамда халқаро майдонда рақобатбардош спортчиларни тайёрлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур мусобақа 24 май кунига қадар давом этади.
Жаҳон кубоги босқичида мамлакатимиз спортчиларидан ташқари Арманистон, Бельгия, Болгария, Чехия, Грузия, Ҳиндистон, Иордания, Исландия, Қатар, Қозоғистон, Латвия, Мўғулистон, Швейцария, Сурия, Туркия, Венгрия, Вьетнам ва Хорватиядан келган спорт гимнастикачилари ғолиблик учун баҳс олиб боради.

Мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси таркибидан Асадбек Азамов, Ҳумоюн Исломов, Мансур Раҳматов, Аҳрорхон Темирхонов, Озотилла Абдурасулов ва Алишер Бойсаров ўрин олган. Аёллар терма жамоаси сафида эса спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина, шунингдек Солиҳа Турсунбоева, Дилдора Арипова ва Шаҳинобону Юсуфова юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Мусобақа дастурига кўра, 21–22 май кунлари саралаш баҳслари бўлиб ўтади. Илк кунги дастурдан эркаклар ўртасида эркин машқлар, дастакли от ва ҳалқалар, аёллар ўртасида эса таяниб сакраш ҳамда турли баландликдаги қўшпоя машқлари ўрин олган. Иккинчи кун баҳсларида эркаклар таяниб сакраш, қўшпоя ва турникте, аёллар эса яккачўп ҳамда эркин машқларда иштирок этади.
Дарвоқе, бугун 21 май куни нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилади.
23–24 май кунлари жаҳон кубогининг финал баҳслари ташкил этилади. Унда эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида турлар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Шунингдек, ҳар бир финал дастуридан кейин тақдирлаш маросимлари ҳам ўтказилади.
Мазкур халқаро турнир Ўзбекистонда спорт гимнастикасини янада ривожлантириш, миллий терма жамоа аъзоларининг тажрибасини ошириш ҳамда 2028 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА