Дунё гимнастикачилари – Тошкентда
Мамлакатимизда бадиий гимнастика ва спорт гимнастикасини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Гимнастика бўйича Республика марказий ўқув-спорт мактабида қатор нуфузли халқаро мусобақалар ўтказилмоқда.
Хусусан, ушбу спорт тадбирларини 4–6 апрель кунлари бўлиб ўтган бадиий гимнастика бўйича “Ёрқин юлдузча” халқаро турнири бошлаб берди. Энди эса пойтахтимиз 10–12 апрель кунлари бўлиб ўтадиган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичини қабул қилиш арафасида.

Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти гимнастика бўйича ихтисослаштирилган Республика олимпия захираси болалар-ўсмирлар спорт мактабига ташриф буюрди. Ташриф давомида Жаҳон кубоги мусобақасига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, спорт мактабининг қайта таъмирдан чиқарилган ҳудудлари, замонавий талаблар асосида барпо этилган янги машғулот зали кўздан кечирилиб, спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар атрофлича ўрганилди.

Маълумот ўрнида, бу галги Жаҳон кубоги босқичида 40 га яқин давлатдан 155 нафар гимнастикачи иштирок этади.

Жаҳон кубогининг очилиш маросими 10 апрель куни соат 18:20 да бўлиб ўтади. Шу куни соат 10:00 дан 21:00 га қадар баҳслар ташкил этилиб, мусобақа 12 апрелга қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА