Тошкентда қиличбозлик бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Республика Келажак маркази” спорт мажмуасида қиличбозлик бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди.
Мусобақа Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан янгича форматда ва халқаро талаблар асосида ташкил этилди. Ҳакамлар ҳайъати таркибидан маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда халқаро даражадаги ҳакамлар ҳам ўрин олган.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Қиличбозлик федерацияси раиси ўринбосари Ҳаёт Зокиров сўзга чиқиб, спортчиларга давлатимиз раҳбари ташаббуси доирасида мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, олдинда бўлиб ўтадиган Президент Олимпиадаси доирасидаги қиличбозлик мусобақаларининг аҳамиятини ҳам таъкидлади.
Чемпионат регламентга мувофиқ якка ва жамоавий йўналишларда ўтказилмоқда. Илк кунда шпага йўналишида беллашувлар бўлиб ўтди. Унда 66 нафар эркак ва 51 нафар аёл спортчи маҳоратини синовдан ўтказди.
Мусобақада юртимизнинг турли ҳудудларидан — Навоий, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Гулистон, Фарғона ва бошқа шаҳарлардан спортчилар қатнашмоқда.
[gallery-29181]
Мусобақа доирасида кескин рақобат ва янги чемпионлар номи аниқланиши кутилмоқда.
ЎзА суратлари