Тошкентда Ўзбекистон–АҚШ бизнес-форуми бўлиб ўтади
Тошкентда ташкил қилинадиган Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форуми икки давлат иқтисодий алоқаларида янги саҳифа очиб, Американинг йирик компанияларини сармоявий имкониятларимиз билан таништиради. Бу узоқ муддатли ҳамкорлик учун муҳим заминдир.
V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида жорий йил 16 июнь куни “CAEx” мажмуаси “Tashkent Hall” залида Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди. Мазкур тадбир икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, тажриба алмашиш, долзарб иқтисодий ва инвестициявий масалаларни муҳокама қилиш ҳамда узоқ муддатли савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Анжуман давомида ҳар икки томоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти кенг тарғиб қилинади. Иштирокчилар ҳамкорлик учун устувор йўналишлар, асосий тармоқлар ҳамда қўшма инвестициявий, саноат, инфратузилма ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти билан атрофлича танишадилар.
Бизнес-форумда АҚШнинг ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва металлургия, инфратузилма, транспорт, қурилиш, рақамли технология, молия, қишлоқ хўжалиги ва инвестиция соҳаларида фаолият юритувчи етакчи корпорациялари ҳамда молиявий институтлари вакиллари иштирок этиши кутиляпти. Хусусан, “BlackRock”, “Oppenheimer”, “JP Morgan”, “Franklin Templeton”, “Boeing”, “Traxys”, “General Motors”, “Oracle”, “Air Products”, “Google”, “Meta”, “Citi”, “Nasdaq”, “Cove Capital”, “BNY Mellon”, “Visa”, “Auerbach Grayson”, “John Deere”, “FLSmidth”, “CNH Industrial”, “The Coca-Cola Company”, “Valmont Irrigation” ва “Morgan Stanley” каби нуфузли компаниялар делегатлари, шунингдек АҚШ Экспорт-импорт банки (US EXIM Bank) ҳамда Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) вакиллари ташрифи режалаштирилган.
Форум қатнашчилари икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи, давлат ва бизнес тузилмалари ўртасидаги шериклик механизми ҳамда қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий қадамларни муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, икки мамлакат тадбиркорлари, инвесторлари ва давлат расмийлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун қулай муҳит яратувчи “B2B” ва “G2B” шаклидаги учрашувлар ташкил этилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА