Тошкент давлат юридик университетида биринчи Халқаро ёшлар юридик форумининг очилишига бағишланган ялпи мажлис бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов иштирок этди.
Мазкур форум "Tashkent Law Spring" IV халқаро юридик форуми доирасида ташкил этилган бўлиб, унда 300 дан ортиқ талаба қатнашмоқда. Улардан 100 нафардан зиёди Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатлардан ташриф буюрган.
Форумнинг асосий мақсади ёшларнинг ҳуқуқий тафаккурини ривожлантириш, уларни ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишга тайёрлаш, халқаро ҳуқуқ нормалари билан таништириш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқий келажакни биргаликда барпо этишга қаратилган.
[gallery-23677]
— Бу форум шунчаки тадбир эмас, балки бир ҳаракат, янги анъаналарнинг бошланишидир. Биз уни Марказий Осиёдаги энг нуфузли ёшлар ҳуқуқий платформасига айлантиришни мақсад қилганмиз, — деди адлия вазири Акбар Тошқулов ўз нутқида.
Икки кунлик форум доирасида талабалар иштирокида қатор муҳим тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Жумладан, Ёшлар ҳуқуқий мунозаралари чемпионати ва Халқаро можароларни ҳал этиш бўйича мусобақалар ўтказилади.
Шунингдек, "Юридик клиника" номли workshop'да талабалар жамоалари фуқароларга юридик маслаҳат кўрсатиш бўйича ўз амалий кўникмаларини намойиш этадилар. Форум давомида иштирокчилар маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, долзарб ҳуқуқий масалаларни муҳокама қилиш ва инновацион ёндашувлар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўладилар.
Умиджон Қурбонов, Аслиддин Али (сурат), ЎзА