Тошкентда халқаро юридик форум
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring” II халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.
Бугун форумнинг очилиш тадбири ва кун тартибидаги сессиялар бўлиб ўтади.
Форумнинг мақсади – ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари ва замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш. Шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни намойиш этишдан иборат.
Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари иштирок этади.
Шунингдек, tashkentlawspring.uz веб-сайти орқали 100 нафарга яқин суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар тадбирда онлайн иштирок этади.
Форумда давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, LegalTech ва LawTech (ҳуқуқ технологиялари), умумий ҳуқуқ тизими, коронавирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж, интеллектуал мулк ҳимояси, сиёсатни амалга ошириш, судларнинг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини таъминлаш ҳамда бошқа долзарб мавзуларда муҳокама сессиялари ўтказилади.
Бундан ташқари, форум доирасида “Давлат хизматлари соҳасидаги илғор амалиёт”, “Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари”, “Электрон нотариат”, “Адвокатурани ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари уюштирилади. Шунингдек, “Маълумотлар ва ахборотни бошқариш” мавзусида мастер-класс ташкил этилади.
Форумнинг асосий тили ўзбек тили. Инглиз ва рус тилларига синхрон таржима амалга оширилади.
Форум офлайн ва онлайн шаклда бўлиб ўтади.
Офлайн иштирок этиш учун тасдиқланган иштирокчиларни рўйхатга олиш 22 апрель куни соат 8:00 да бошланади ва соат 9:20 га қадар давом этади.
Форумнинг очилиши тадбири ҳамда ялпи мажлис соат 9:30 да бошланади.
Форум тадбирлари “COVID-19” чекловларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади.
Н.Абдураимова, ЎзА