Тошкентда 10 та давлатнинг 3 мингга яқин дзюдочи ёшлари беллашмоқда
Шу кунларда пойтахтимиздаги "Ҳумо арена" спорт мажмуасида дзюдо бўйича ёш спортчилар ўртасида "Tashkent Open Judo Kids Cup IV" халқаро турнири давом этмоқда.
Бразилия, Испания, Россия, Қатар, Саудия Арабистони, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси каби мамлакатлардан 3 минг нафардан зиёд дзюдочи болалар иштирок этаётган муросасиз беллашувлар ҳақиқий спорт, дзюдо байрами кўринишини олди.

— Бундай мусобақалар юртимизда болалар спортини ривожлантириш билан бир қаторда аҳоли ўртасида спортга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади. Биз спорт билан энди-энди профессионал шуғуллана бошлаганимизда бундай мусобақалар, турнирлар деярли ўтказилмасди. Айниқса, ўнлаб чет мамлакатларнинг спортчилари иштирокида шундай мақомдаги мусобақада қатнашиш биз шуғулланган пайтлар фақат орзу эди. Бугун давлатимизнинг жисмоний тарбия ва спорт ривожига кўрсатаётган алоҳида эътибори, яратилган шарт-шароитлар натижасида ўзбек спорти катта юксалишга эришди. Оламшумул ғалабалар қўлга киритилмоқда. Спорт инфратузилмаси таниб бўлмас даражада яхшиланди. Ўйлайманки, айнан болалар ўртасидаги мусобақалар орқали Ватанимиз шарафини халқфаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган профессионал спортчиларимизнинг янги авлоди етишиб чиқади, – дейди бокс бўйича 2016 йилги Олимпия ўйинлари олтин медаль соҳиби Фазлиддин Ғойибназаров.

Бугун, 4 июнь куни 2012–2013, 2014–2015, 2016–2017 ва 2018–2019 йилларда туғилган ёшлар ўртасидаги "Tashkent Open Judo Kids Cup IV" халқаро турнирининг сўнгги кунги беллашувлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА