Тошкент шаҳрида 25-26 июль кунлари “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Йиғилишда Европа, Америка қитъалари, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақалари, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилот раҳбарлари ва мутахассислари, етакчи таҳлилий марказлар вакиллари ҳамда Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этди.
Мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, миллий иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаати йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнига жалб этишдан иборат.
Учрашувни мамлакатимиз ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов очиб бераркан, Афғонистон ҳукумати олдида турган муҳим вазифаларга тўхталди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг конференция иштирокчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирди.
Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий ўз мамлакатидаги барқарорлик бутун Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва хавфсизлик гарови эканига алоҳида урғу берди.
Конференция ялпи мажлиси давомида хорижий экспертлар томонидан турли таклиф, ташаббуслар илгари сурилди, мавзуга оид маърузалар тингланди. Хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилашга кўмаклашиш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашув ва тамойиллар ишлаб чиқиш зарурлиги хусусида якдил фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Анжуман дастурига мувофиқ, турли долзарб мавзуларга бағишланган секция учрашувлари ҳам бўлиб ўтди. Қўшни Афғонистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган гуманитар ҳамда инфратузилмавий лойиҳалар тақдимоти намойиш қилинди.
Тошкент конференциясига ташриф буюрган таниқли хорижлик мутахассислар, тажрибали экспертлар мамлакатимизнинг Марказий Осиёда хавфсизлик, тинчлик ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш, хусусан, Афғонистонни терроризм ва урушдан холи тинч, фаровон мамлакатга айлантириш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатини юксак баҳолади.
Тадбир якунида Афғонистон бўйича халқаро конференцияга мезбон давлат баёноти қабул қилинди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ,
ЎзА мухбирлари