Бугун пойтахтимизнинг “Мовий гумбазлар” хиёбонида ўз ишини бошлаган Тошкент халқаро кофе ва чой фестивалида маҳаллий ҳамда хорижлик корхоналар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.
Яккасарой тумани маданият бўлими бошлиғи Шаҳзод Эрназаровнинг маълум қилишича, ушбу фестивалдан кўзланган мақсад маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар ўртасида ўзаро мулоқотни ташкил қилиш ва улар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун имконият яратишга қаратилган.
–Шу билан бирга, тадбирда қаҳва ва чой маданиятининг ўзига хослиги, дунёнинг турли халқлари анъанавий чой ичиш маросимлари билан танишиш ҳамда ўзбекнинг ўзига хос чой ичиш анъаналарини тарғиб қилишга ҳам асосий эътибор қаратилмоқда. Унда нафақат қаҳва ва чой ичиш маросимлари, балки миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ҳам намойиш этилмоқда, – деди Ш.Эрназаров.
[gallery-17369]
Фестивалда “Тоза” компанияси вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Компаниянинг маркетинг бўлими мухатассиси Жаҳонгир Талъатовнинг сўзига кўра, корхона 1998 йилда ўз фаолиятини бошлаган. У юртимизда ушбу соҳадаги илк ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади.
–Биз ўтган йиллар мобайнида ҳар томонлама изландик ва имкониятларимизни кенгайтириб, яхши тажриба орттирдик. Корхонада қора, кўк ва мевали чойлар қадоқланади. Қадоқланган чойлар эса нафақат мамлакатимиз, балки Россия, Корея, Тожикистон, АҚШ каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Яқин кунларда Туркия ва Беларусь давлатлари бозорига маҳсулотларимизни тақдим этмоқчимиз. Корхонада 200 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади. Бугунги кунга келиб, 200 дан зиёд турдаги чой маҳсулотларини ишлаб чиқаряпмиз. Аҳамиятлиси, корхонамиз ўз маҳсулотлари билан маҳаллий кўргазмаларда қатнашиб, “Тоза” чойи бир неча маротаба “Ўзбекистонда йилнинг энг яхши маҳсулоти” мукофоти билан тақдирланган, – деди Ж.Талъатов.
Уч кун давом этадиган ушбу фестиваль доирасида қатор тадбирлар ўтказилиши кутилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА