Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, сектор раҳбарларининг фаолият самарадорлигини янада ошириш мақсадида Нурафшон шаҳрида ўқув-семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда барча сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Семинарда сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг 2021 йил январь-февраль ойлари рейтинг натижалари муҳокамаси, сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг янги ташкил этилган рейтинг кўрсаткичлари тақдимоти ташкил этилди.
Шакллантирилган рейтинг асосида ҳокимликларда орқада қолаётган кўрсаткичларни аниқлаш ва кейинги чоракларда уларни яхшилаш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, фаолиятни аниқ режалаштириш имкони яратилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туман-шаҳар сектор масъуллари учун ҳисобот даврида эришилиши лозим бўлган прогноз кўрсаткичлари аввалдан белгилаб берилган тақдирда, улар томонидан аниқ режалаштирилган тадбирлар асосида тегишли кўрсаткичларга эришиш имконияти бир неча баробар ошади.
Семинар давомида сектор раҳбарларининг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кирган аҳоли билан ишлаш тизимини янада жонлантириш, уларни дафтардан чиқариш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Агентлик томонидан ишлаб чиқилган Давлат хизматчилари малакасини ошириб бориш платформаси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сектор фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ўз устида ишлаши учун Сиёсий (маърифат) соатлари, малака ошириш бўйича курслари ва бошқа қирққа яқин онлайн видео ўқув курслар жойланган. Шунингдек платформада электрон кутубхона, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар базаси жойланган бўлиб, ўз устида ишламоқчи бўлган давлат хизматчиларига кенг йўл очиб берилмоқда.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А. Мусаев, ЎзА