Давлат хизматчилари малакасини оширмоқда
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ўқув-амалий семинар бошланди.
Бундан кўзланган асосий мақсад давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18-20 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқларида баён этилган ташаббуслар, шунингдек, “2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари олдида турган муҳим вазифаларни ўрганиш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ривожлантиришдир.
Ўқув-семинар очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ўқувнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
– “Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш” деяпмиз. Бу фақат шиорда эмас, амалда, биринчи галда давлат хизматчиси фаолиятида сезилиши керак. Бугун ҳаётнинг ўзи биз раҳбарлардан профессионаллик ва янгича фикрлашни, ташаббускорликни талаб этмоқда, – деди вилоят ҳокими. Иштирокчиларга ушбу имкониятдан тўғри фойдаланиб, билим ва малакаларини янада мустаҳкамлаши лозимлиги таъкидланди.
[gallery-20799]
Жорий йил 13 декабрь кунига қадар давом этадиган семинарга республикамиздаги олий ўқув юртлари ректорлари, профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислар жалб этилиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, маҳаллабай ишлаш, ёшлар сиёсати, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли муаммолари билан ишлаш каби муҳим мавзуларда ўқув машғулотлари ўтказилади.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари