Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимизнинг 2026 йил 28 октябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан белгиланган мезонларга мос эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Айни кунларда Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” иштирокида қўшма рўйхатларни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Жараён доирасида эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолати хонадонбай ўрганилиб, ёрдам олувчилар аниқланмоқда. Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида Ижтимоий реестрга киритилган 44 минг 316 та оилага бир марталик моддий ёрдам автоматик тарзда тайинланади. Шунингдек, фармонда белгиланган тартибга мувофиқ, ушбу оилаларнинг 50 фоизи, яъни 22 минг 158 та оила “маҳалла еттилиги” томонидан хонадонбай ўрганилиб, эҳтиёжманд оилалардан аризалар қабул қилинади.

Бундан ташқари, вилоятда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар реестрига киритилган 1 967 нафар фуқарога ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган 878 та оилага 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
***
Юртимизга “Ойбек” чегара божхона пости орқали пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Текширув давомида фуқарога тегишли уяли телефоннинг ички қисмига ҳамда телефон ғилофига махсус жойлаштирилган, божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўров жараёнида маълум қилинмаган, умумий оғирлиги 54 грамм бўлган заргарлик буюмлари аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган заргарлик буюмларининг қиймати 64 миллион 800 минг сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб бориляпти.
***
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Тошкент вилоятида ҳам табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.

Ўрта Чирчиқ туман “Ўрта овул” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.Ш. хонадонида лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газдан тижорат мақсадида ноқонуний фойдаланаётгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, 548 миллион 596 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, Юқори Чирчиқ тумани “Саховат” МФЙда яшовчи фуқаро У.Р. хонадонида “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда 148 миллион сўмлик зарар аниқланди. Юқоридаги ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Назорат тадбирлари давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА