Иллатларга қарши курашиш, аввало, огоҳлик, билим ва масъулиятдан бошланади
Инсон баъзан ўз саломатлигига бепарво қарайди. Бир лаҳзалик қизиқиш ёки нотўғри танлов эса бутун умрига соя солиши мумкин. ОИВ инфекцияси ва гиёҳвандлик ана шундай жиддий хавфлар сирасига киради. Уларнинг оқибати фақат бир инсон ҳаёти билан чекланмай, оила тақдири, фарзандлар келажаги ва жамият саломатлигига ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис бу иллатларга қарши курашиш, аввало, огоҳлик, билим ва масъулиятдан бошланади.
Ана шу мақсадда Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида «Соғлом ҳаётни танла» мавзусида профилактик-тарғибот тадбири ўтказилди. Миллий гвардия вилоят бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.

Тадбирда ОИВ инфекцияси ва ОИТС, гиёҳвандликнинг келиб чиқиш сабаблари, юқиш йўллари, салбий оқибатлари ҳамда уларнинг олдини олиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар касалликларнинг инсон саломатлигига таъсири, хавф омиллари ва профилактиканинг муҳим жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Айниқса, гиёҳванд моддаларни инъекция орқали истеъмол қилишда умумий шприц ва игналардан фойдаланиш ОИВ инфекциясини юқтириш хавфини ошириши таъкидланди.

— ОИВ инфекцияси ва ОИТС бутун дунёда жиддий тиббий-ижтимоий муаммо бўлиб қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йил якунида дунё бўйича 41 миллион киши ОИВ билан яшаган. Шу йилнинг ўзида 1,2 миллион нафар инсон ушбу инфекцияни юқтирган, 570 минг киши эса ОИТС билан боғлиқ касалликлар оқибатида вафот этган. Эпидемия бошланганидан буён ОИВ инфекциясини юқтирганлар сони 92,2 миллион нафарга, ОИТС билан боғлиқ касалликлар туфайли вафот этганлар сони эса 44,2 миллион нафарга етган. Бу рақамлар муаммонинг нақадар жиддий эканини кўрсатади.
Айниқса, гиёҳванд моддаларни инъекция орқали истеъмол қилишда умумий шприц ва игналардан фойдаланиш инфекция юқиши хавфини оширади. Шу боис профилактика ишларини кучайтириш, тиббий саводхонликни ошириш ва ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши муҳим аҳамиятга эга.
Афсуски, гиёҳвандлик ва ОИВ инфекцияси билан боғлиқ хавф-хатарлар бизнинг ҳудудимиз учун ҳам бегона эмас. Соғлом келажакни барпо этиш, фарзандларимизни турли иллатлардан асраш ҳар биримизнинг зиммамиздаги масъулиятдир. Бу борадаги курашни эртага эмас, айнан бугундан бошлашимиз керак, — дейди Сирдарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиолог шифокори Алишер Қобилов.

Учрашувда соғлом турмуш тарзи тарғиботини оила муҳитида ҳам изчил давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, фарзанднинг ҳаёт тарзи, дунёқараши ва танловларида ота-онанинг шахсий намунаси муҳим ўрин тутади. Шу маънода, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва фарзандлари ўртасида ҳам профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш долзарб аҳамият касб этади.

— Бундай учрашувлар шунчаки маълумот бериш билан чекланмайди. Улар инсонни ўз ҳаёти, саломатлиги ва яқинлари тақдири ҳақида ўйлашга, ҳар бир танловнинг оқибатини англашга ундайди. Чунки гиёҳвандликка «йўқ» дейиш, ОИВ инфекциясидан ҳимояланиш ва соғлом турмуш тарзини танлаш — бу фақат шахсий қарор эмас, балки оила ва жамият олдидаги масъулият ҳамдир, — деди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳарбий бўлимининг бошлиғи Фурқатжон Азимов.

Бундай профилактик тадбирлар инсонларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, хавфли иллатларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундаши билан аҳамиятлидир. Зеро, соғлом келажак ўз-ўзидан шаклланмайди. У бугунги огоҳлик, тўғри танлов ва амалий ҳаракатлар билан бунёд этилади.

Шу боис ОИТС ва гиёҳвандликка қарши кураш ҳар биримиздан бефарқ бўлмасликни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, инсон ҳаёти ва саломатлигидан қимматлироқ неъмат йўқдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири