Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Оҳангарон тумани Қизилой маҳалласи ҳудудида “Yangi Conch materiallari” корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов иштирок этиб, йиғилганларни янги лойиҳа билан самимий қутлади. Қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа замонавий пластик эшик ва ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат корхонаси ҳисобланади. Корхона энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ички бозор талабини қондириш билан бирга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига ҳам эга.
Энг муҳими, янги корхона фаолияти натижасида туманда қатор янги иш ўринлари яратилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни доимий иш билан таъминлашда муҳим омил бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимизда инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини шакллантириш, саноатни ривожлантириш ва ҳудудларга инвестициялар жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. “Янги Cоnch материаллари” лойиҳасини ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида кўрсатиш мумкин.
***
Тошкент вилоятида ўтказилган “Шунқорлар” мусобақасининг вилоят босқичи юқори савия ва кўтаринки руҳда ташкил этилди. “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мазкур кенг кўламли ҳарбий-спорт тадбири давомида иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва ҳарбий-спорт кўникмаларини намоён этдилар.
Беллашувлар белгиланган шартлар асосида муросасиз ва қизиқарли руҳда ўтиб, энг кучли жамоалар муносиб равишда ғолибликни қўлга киритди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни қўлга киритган Чирчиқ шаҳар жамоаси мусобақанинг республика босқичига йўлланма олди.

***
Бекобод туманида электр таъминотини яхшилаш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Аҳолини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Зафар ТЕТ” чаноқ ним станциясидаги эски трансформатор ўрнига янги, замонавийлари ўрнатилди. Мазкур янгиланиш электр таъминоти барқарорлигини ошириш, юкламаларни камайтириш ҳамда истеъмолчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, айни кунларда маҳаллаларда эскирган симёғочлар ўрнига мустаҳкам бетон таянчлар ўрнатилиб, паст қувватли трансформаторларни замонавий ва юқори қувватли трансформаторларга алмаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА