Ҳозирги мураккаб вазиятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигига эришишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш энг яхши имкониятдир.
Баҳорнинг ғанимат кунларида Тошкент вилоятининг барча жойларида бўлгани каби Пискент туманида ҳам Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан томорқадан самарали фойдаланиш, харидоргир ва бозорбоп экинлар экилишини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда мутахассислар томонидан маҳаллаларда кўчатлар акцияси ўтказилмоқда. Хусусан, Кўлота маҳалласида яшовчи аҳоли томорқалари учун сабзавот кўчатлари етказиб берилди. Аҳамиятлиси, акцияда "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган хонадон аъзоларига 5 минг туп помидор, 1,5 минг туп бодринг ва яна минг туп булғор қалампири, 200 туп серҳосил ток кўчатлари бепул улашилди.
– Баҳорги экиш мавсумида бундай акциялар мунтазам ўтказилади, –дейди Деҳқон, фермерлар ва томорқа ер эгалари Кенгаши Пискент туман бўлими раиси Ф.Усмонқулов. – Мақсад, томорқаси бор фуқароларнинг мавжуд имкониятни ишга солиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш. Шунингдек, “маҳаллабай” тарғиботларимиз давомида ҳовлисини обод этган, даромад манбаига айлантирган инсонлар тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатамиз. Бу айрим беҳафсала ва дангаса одамларни уйғотади.
Шунингдек, Оққўрғон туманида "Темир дафтар" ҳамда "Аёллар дафтари”даги фуқаролар учун сектор раҳбарлари бошчилигида "Томорқа хизматлари" томонидан 3 минг дона кўчат етказиб берилди. Мевали олма, шафтоли, ўрик, олхўри, манзарали арча кўчатлари ҳамда помидор, булғор қалампири ва бодринг каби сабзавот кўчатлари текинга тарқатилди.
А.Мусаев, ЎзА