“Ҳунарманд” уюшмаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Ж.Маҳкамов бошчилигида бир гуруҳ ҳунармандлар Фарғона вилоятига бориб, ҳудудда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда 2021 йилда ишга туширилган “Ҳунармандлар марказлари"да усталар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари билан танишди.
Учрашув давомида Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказида миллий мато ва ипакли гиламлар тўқиш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, Қўштепа туманидаги марказда ипак ва жун толасидан гилам тўқиш, каштачилик, Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” корхонаси ҳамда Фарғона туманидаги “Шоҳимардонсой” МФЙда Садоқатхон Мирзаева ташкил этган хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари тадбиркорларда катта таассурот қолдирди.

Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар уйида меҳмонларга Фарғона вилоятидаги ҳунармандлар томонидан ишга туширилган интернет дўконлар ва онлайн интернет платформалардаги ҳунармандларнинг саҳифалари кўрсатилди. Унда ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш бўйича тақдимот қилинди.
Шунингдек, Қўштепа тумани ҳудудидаги “Файз савдо комплекси” ва Марғилон шаҳридаги Ипакчилар шаҳарчасидаги савдо комплексларида ҳунармандларга ажратилган савдо расталари ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

А.Мусаев, ЎзА