Тошкeнт Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарларини қабул қилмоқда
Мажлисда ташкилотга аъзо 8 давлат, 4 кузатувчи мамлакат (Афғонистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон) ва 10 га яқин халқаро ташкилотнинг юқори мартабали делегациялари иштирок этади.
Тошкент шаҳрида 1-2 ноябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари (Бош вазирлари) кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Тадбирнинг асосий вазифаларидан бири ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга оид қўшма қарорлар қабул қилишга қаратилган.
Мажлисда ташкилотга аъзо 8 давлат, 4 кузатувчи мамлакат (Афғонистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон) ва 10 га яқин халқаро ташкилотнинг юқори мартабали делегациялари иштирок этади.
ШҲТга 2001 йил асос солинган. Ташкилот бугунги кунга келиб Евросиё минтақасида муҳим рол ўйнаётган тўлақонли тузилмага айланди. Халқаро ҳамжамият томонидан энг муваффақиятли “ёш” ташкилотлардан бири сифатида қабул қилинмоқда.
Евросиёнинг учдан икки қисмини эгаллаган ШҲТ улкан салоҳиятга эга. Ташкилот мамлакатларида 2 миллиарддан зиёд иқтисодий фаол аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда барча технологик кластерлар, табиий бойликлар мавжуд. “ШҲТ оиласи”га мансуб давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми дунё кўрсаткичининг 20 фоизидан кўпини ташкил қилади.
Ташкилот 18 йил мобайнида тараққиётнинг улкан йўлини босиб ўтди. 2017 йил ташкилотга Осиёнинг икки етакчи мамлакати – Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзо бўлиши билан ШҲТ глобал кун тартибига эга энг йирик минтақавий ташкилотга айланди. Бугун ШҲТ фаолияти сиёсат, хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликдан тортиб экологик мавзугача бўлган кенг кўламли масалаларни қамраб олган.
Ўзбекистон ШҲТнинг таъсисчи давлатларидан бири сифатида мунтазам тарзда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, унинг халқаро обрў-эътиборини ошириш йўлида саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Расмий Тошкент ШҲТ минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари билан бир қаторда, унга аъзо давлатларнинг, жумладан, ташкилот ҳудудининг улкан транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодий тараққий этишида муҳим рол ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон сўнгги йилларда ташкилот фаолиятидаги иштирокини сезиларли даражада фаоллаштирди, унинг ишини кўплаб йўналишларда янада мукаммаллаштириш бўйича салмоқли ташаббусларни таклиф қилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг Остона, Циндао ва Бишкек саммитларида сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илм-фан, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий таклифларни илгари сурди.
Тошкент ташаббуси билан темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари учрашувининг механизми, мамлакатимиз пойтахтида ШҲТ халқ дипломатияси маркази, Самарқандда “Ипак йўли” халқаро туризм университети каби янги платформалар ташкил этилди, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаати ва уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳаракатлар дастури, ШҲТга аъзо давлатлар илмий-тадқиқот муассасаларининг 2019-2020 йиллардаги ҳамкорлиги “Йўл харитаси”, Минтақалараро ҳамкорлик дастури, Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик консепсияси ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон дипломатиясининг ШҲТ доирасида яқин истиқболдаги вазифаларидан бири ШҲТнинг самарали ва ўзаро боғланган иқтисодий ва транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича стратегияси, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси, “Яшил камар” дастури ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш билан боғлиқдир.
ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ташкилот кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун қулай платформа вазифасини ўтайди.
ШҲТ мамлакатлари Бош вазирларининг Тошкент учрашувида кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, божхона ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларидаги шерикликни янги босқичга кўтаришга туртки берадиган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши кутилмоқда.
Мажлис доирасида ШҲТнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан меморандумлар имзолаши режалаштирилган. Бу эса ШҲТнинг ўсиб бораётган халқаро салоҳиятидан дарак беради.
Табиийки, ШҲТ мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари учрашувининг кўп томонлама майдончаси уларга икки томонлама музокаралар ўтказиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаш учун имконият яратади. Халқаро экспертларнинг фикрича, ШҲТ ҳукумат раҳбарлари мажлиси халқаро кўламдаги муҳим воқеа бўлади.
«Дунё» АА