Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда
Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг XII мажлиси бошланди.
Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг XII мажлиси бошланди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар – Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон, Беларуснинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.ЎзА мухбири анжуманнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.
Ван Кайвэнь, ШҲТ Бош котибининг ўринбосари:
– Ўзбекистон Республикаси ШҲТга асос солган давлатлардан бири бўлиб, ташкилотнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги анъанавий тарзда ташкилот нуфузини ошириб, уни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, мамлакатларимиз тараққиёти ва халқларимиз фаровонлиги йўлидаги амалий ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
ШҲТнинг 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтган саммити ва унда ШҲТ давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган қарорлар ташкилотнинг янада ривожланишига янги суръат бағишлади. ШҲТ – бу изчил ривожланиб бораётган ва айни пайтда анъаналар ва мулоқот маданиятига қатъий амал қиладиган ташкилотдир. Тошкент саммитида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар, ҳамкор халқаро тузилмалар вакиллари бир жойда тўпланди. ШҲТнинг Тошкент саммитида ягона мақсад – ҳамкорликда ривожланиш, минтақада тинчлик, яқин қўшничилик, дўстона ва шериклик муносабатларини, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш учун бирлашган, дунёқараши турлича бўлган миллатлар вакиллари жам бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Тошкент саммити фақат "ШҲТ оиласи" давлатлари учун аҳамиятли бўлиб қолмай, саммитда қабул қилинган қарорлар Евроосиё макони ва умуман, глобал миқёсда вазиятни барқарорлаштиришга салмоқли ҳисса қўшди. ШҲТ давлат раҳбарлари янги таҳдид ва хавф-хатарларга жаҳон ҳамжамияти фақат биргаликда қарши курашиши мумкинлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислиги даврида Тошкентда ўтказилган юбилей саммит юксак эътирофга сазовор бўлди. Ташкилот саммитга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва мамлакат ҳукуматининг алоҳида эътиборини доимо ҳис этиб турди. Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида турли даража ва йўналишда 380 дан ортиқ тадбир ташкил этилгани ва буларнинг самараси сифатида Тошкент саммити ўтказилганини таъкидлаш ўринлидир. Бу ҳақиқатан ҳам ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида ишчанлик ва фаолликнинг энг юксак даври бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Бугун Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона раҳбарлигида ўз тараққиётида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф этилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни 2017-2021 йилларда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўзда тутилган. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатингизнинг ШҲТ доирасидаги фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади.
Тамара Гузенкова, Россия стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари:
– Бу галги Форум мажлиси катта воқеа бўлди. Бугунги геосиёсий воқелик ва дунёда рўй бераётган иқтисодий жараёнлар ШҲТ олдига янги вазифалар қўймоқда. Жумладан, Тошкент форумида экспертлар ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Негаки, ташкилотнинг барча аъзолари айнан иқтисодий ривожланишдан манфаатдордир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ташкилот доирасида тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм ва радикализмга қарши курашиш бўйича муваффақиятли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Ташкилот хавфсизлик борасида турли муаммоларга дуч келаётган янги аъзолар ҳисобидан кенгаймоқда. Бу соҳада қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда.
Азамат Дикамбаев, Қирғизистон Республикаси Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори:
– Форум мажлиси ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигини янада ривожлантириш, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган хавф-хатарларга биргаликда курашиш механизмларини такомиллаштириш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм ва илмий-техник соҳаларда ташкилот доирасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон азалдан тинч-тотув яшаган яқин қўшнилардир. Халқларимиз тарихи муштарак, маданий ва диний қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Шунинг учун узоқ муддатли истиқболда муносабатларимизни ўзаро ишонч, шериклик ва манфаатларни ҳурмат қилиш асосида шакллантирмоқдамиз.
Иқтисодий ва маданий алоқалар давлатлараро ҳамкорликнинг асоси ҳисобланади. Бизни транспорт ва коммуникация лойиҳалари бирлаштиради. Яқин вақт ичида савдо-иқтисодий муносабатлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Бундан ташқари, минтақада самарали транспорт коридорини ривожлантириш иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик йўналишидир. Марказий Осиё учун катта бозорлар, денгиз бандаргоҳлари ва трансмиллий магистралларга чиқиш долзарб масала ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун транзит йўлаклар хилма-хиллиги, товар ва хизматларни ҳеч қандай тўсиқларсиз етказиш имконини берадиган "яшил йўлак"лар ташкил қилиш ғоят муҳимдир.
Александр Лукин, Шарқий Осиё ва ШҲТ тадқиқотлар маркази директори (Россия):
– Ўзбекистон иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этаётгани жуда муҳим. Форум мажлисида тақдим этилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан ўргандим. Стратегиянинг асосий мақсадлари ШҲТ билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хорижий инвесторларнинг мамлакатингизга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Буни кўплаб чет эл компаниялари инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Сайёҳликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Россия билан Ўзбекистонни стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради. Кўплаб йўналишлар, хусусан, савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорлик кенгаймоқда. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларга Россияда талаб юқори.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида бўлдим. Ҳамма жойда тартиб ва саришталик. Одамлар ҳаётдан мамнун, эртанги кунга ишончи баланд. Айниқса, Ўзбекистон халқининг бой ўтмишидан далолат берувчи тарихий обидалар менда унутилмас таассурот қолдирди.