Тошкент шаҳар маъмурий судлари: ҳокимларнинг 12 қарори ҳақиқий эмас деб топилди
Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
Тошкент шаҳар суди ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров шу ҳақда маълумот берди:
– Мазкур даврда биринчи инстанция суди томонидан оммавий-ҳуқуқий низоларга оид 1 минг 303 иш кўриб чиқилди. Шундан 321 тасида ариза (шикоят) қаноатлантирилди. 741 таси рад қилинган бўлса, 141 таси бўйича иш юритишдан тугатилди ва 100 таси кўрмасдан қолдирилди. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга камайгани кузатилди.
Бироқ, айрим давлат органларига нисбатан маъмурий судларга киритилаётган аризалар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпайган. Хусусан, Адлия органлари билан боғлиқ мурожаатлар 21,4 фоизга кўпайиб, 85 тани ташкил этади. Шундан, 32 таси қаноатлантирилган, 40 таси рад қилинган. Қолгани кўрмасдан қолдирилган.
Кадастр органларига оид кўриб чиқилган ишлар қарийб 21 фоизга кўпайиб, жами 128 тани ташкил этди. Шундан 17 тасида ариза-шикоятлар қаноатлантирилган, 76 таси рад қилинган.
Давлат солиқ органларига нисбатан берилган ариза (шикоят)лар юзасидан 277 иш кўрилиб, 80 таси қаноатлантирилган, 152 таси рад этилган. Аризаларнинг қаноатлантирилиши натижасида солиқ органининг 54 қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.
Маҳаллий ҳокимликларга нисбатан берилган ариза (шикоят)лар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,6 фоизга камайди. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий ҳокимликларга нисбатан 130 иш кўрилган. Шундан, 24 таси қаноатлантирилиши натижасида ҳокимларнинг 12 қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.
Қурилиш вазирлиги ва ҳудудий бошқармалари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш, улар томонидан чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ кўрилган ишларнинг сони 83 тани ташкил этади. Шундан 29 таси қаноатлантирилган, 38 таси эса рад этилган.
Мажбурий ижро бюролари билан боғлиқ 212 иш кўрилган ишлардан 29 тасида ариза-шикоятлар қаноатлантирилди.
Тошкент туманлараро маъмурий судлари томонидан 106 хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, шундан 8 та хусусий ажрим бўйича мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган. Чиқарилган суд таъсир чораларининг асосий қисми, яъни 21 таси (ёки хусусий ажримларнинг 19,8 фоизи) солиқ идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига тўғри келади.
Апелляция ҳамда кассация инстанцияларида жами 506 иш кўриб тамомланган бўлиб, шундан 422 суд ҳужжати ўзгаришсиз қолдирилган, 67 таси бекор қилинган, 16 та иш бўйича иш юритишдан тугатилган.
Тафтиш инстанциясида кўрилган 212 ишдан 193 тасида суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган, 17 суд ҳужжати бекор қилинган. Шу даврда Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 48 хусусий ажрим чиқарилган.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойида жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари) томонидан ҳамда Президент виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхонаси ва бошқа идоралар орқали Тошкент шаҳар маъмурий судига жами 303 мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси юзасидан ёзма равишда жавоб хатлари берилган.
Тошкент шаҳар судининг раиси ва туманлараро суди раиси ҳамда судьялари томонидан фуқароларнинг 177 нафар мурожаати қабул қилинди. Улар юзасидан ҳуқуқий тартиблар ва қонуний ҳуқуқлари тушунтирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА