Тўрт йиллик қарама-қаршилик: Россия-Украина уруши музокара остонасидами ёки янги босқич бўсағасида?
2022 йил февралда бошланган Россия-Украина уруши Европа қитъасидаги энг йирик ҳарбий тўқнашувлардан бири сифатида тарихга кирди. Дастлаб кўпчилик таҳлилчилар можаро бир неча ҳафта ёки ой ичида якунланишини тахмин қилган эди. Афсуски, воқеалар бутунлай бошқача ривожланди. Бугун уруш тўртинчи йилни ортда қолдириб, нафақат икки давлат, балки бутун халқаро тизимга таъсир кўрсатаётган узоқ муддатли геосиёсий инқирозга айланди.
Урушнинг тезкор ҳарбий ҳаракат билан бошланган бўлса, кейинги йилларда фронт чизиғидаги вазият анча мураккаб тус олди. Томонлар беқиёс ресурс сафарбар қилди, жанг майдонига янги технология кириб келди, дрон ва юқори аниқликдаги қуроллар ҳарбий тактиканинг ажралмас қисмига айланди. Натижада можаро фақат ҳудудлар учун кураш эмас, балки иқтисодий, технологик ва дипломатик рақобатга айланди.
2026 йилга келиб уруш атрофидаги асосий савол ўзгарди. Илгари муҳокама фронтда ким устунликка эга бўлиши ҳақида кечган бўлса, бугун кўпроқ дипломатик ечим эҳтимоли муҳокама қилинмоқда. Сўнгги ойларда турли форматдаги мулоқот, воситачилик ташаббуси ва сиёсий баёнот музокара мавзусини яна халқаро кун тартибига олиб чиқди.
Бинобарин, жараённи тинчликка олиб бораётган аниқ йўл сифатида баҳолашга ҳозирча эрта, чунки томонларнинг асосий талаби орасида ҳануз жиддий тафовут сақланиб қолмоқда. Москва хавфсизлик ва ҳудудий масалага ёндашувини ўзгартиргани йўқ. Киев ҳам суверенитет ва ҳудудий яхлитлик масаласида муросасиз қарашга эга. Шу боис музокара ҳақидаги ҳар қандай ижобий белгига қарамай, келишувнинг асосий мазмуни ҳамон мавҳум.
Айни пайт ҳарбий майдонда ҳам вазият бир маъноли эмас. Россия сўнгги ойларда ҳаво ҳужумига кўпроқ таянаётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Украина эса узоқ масофага учадиган дронлар ёрдамида РФ ҳудудидаги айрим стратегик объектларга зарба бериш имкониятини кенгайтирмоқда. Яъни, фронт чизиғидан ташқарида ҳам босим механизми шаклланган.
Тўрт йиллик урушнинг иқтисодий оқибати ҳам тобора кўпроқ сезилмоқда. Россия иқтисодиёти санкция ва юқори ҳарбий харажат шароитида янги чақириқларга дуч келмоқда. Украина эса ташқи молиявий ва ҳарбий ёрдамни сақлаб қолиш масаласини стратегик вазифа сифатида кўряпти. Икки томон учун ҳам вақт омили аввалгига нисбатан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2026 йил дипломатик фаоллик кучайиши фронтдаги ҳолат тўлиқ барқарорлашгани эмас, аксинча ҳарбий ечим ниҳоятда қимматга тушаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Уруш давом этган сари инсон ресурси, иқтисодий имконият ва сиёсий сабр захираси синовдан ўтмоқда.
Шу сабабли бугунги вазиятни “тинчлик яқинлашмоқда” ёки “уруш янада кучаяди” каби оддий фаразлар билан изоҳлаш қийин. Можаро шундай нуқтага келдики, ҳарбий ҳаракат ва дипломатик жараён бир вақтда давом этяпти. Бир томондан музокара ҳақида баёнот янграмоқда, иккинчи томондан зарба ва қарши ҳужум тўхтамаяпти.
Бугунги манзара кўрсатмоқдаки, Россия-Украина уруши ҳал қилувчи бурилиш нуқтасига эмас, балки янги сиёсий ва дипломатик ҳисоб-китоб босқичига кириб бормоқда. Энди асосий масала фронтда ким неча километр олдинга силжиши эмас, балки қайси томон музокара даврасида ўз қарашини ҳимоя қила олишида.
Тинчлик формуласи топиладими ёки қарама-қаршилик узоқ давом этадими?

Сўнгги ойларда Вашингтон, Брюссель, Москва ва Киевдан янграётган баёнотлар бир қарашда музокара учун муайян имконият пайдо бўлаётганини кўрсатмоқда. АҚШ воситачилигида бир нечта мулоқот формати тузилди, Европа давлатлари ҳам эҳтимолий келишув муҳокамасида иштирок этиш истагини билдирмоқда.
Асосий муаммо шундаки, урушни тўхтатиш истаги ва қандай шарт асосида якунлаш масаласи икки хил тушунча. Бугун томонлар орасида айнан иккинчи масала бўйича энг сезиларли тафовут бор.
Киев нуқтаи назарида ҳар қандай музокара мамлакат хавфсизлиги ва давлатчилик масаласи билан бевосита боғлиқ. Украина раҳбарияти сўнгги баёнотларида музокарага тайёрлиги, фақат жараён мамлакат манфаати ҳисобидан амалга ошмаслиги кераклигини таъкидламоқда. Шу билан бирга украин томони фронтдаги ҳар қандай натижа музокара даврасидаги ёндашувга таъсир қилишини ҳам яширмаяпти.
Москва можаронинг сабаби сифатида кўраётган хавфсизлик масаласи ҳал этилмасдан туриб, узоқ муддатли келишувга эришиш қийинлигини такрорламоқда. Кремль расмийлари бир вақтнинг ўзида ҳам музокарага тайёрлик ҳақида гапирмоқда, ҳам ҳарбий ҳаракат янги босқичга кираётганини билдирмоқда. Бу эса дипломатия ва ҳарбий босим ёнма-ён эканини кўрсатади.
Музокара тақдирига таъсир қилаётган яна бир муҳим омил – ташқи кучлар позицияси. 2022-2023 йиллари асосий эътибор ҳарбий ёрдам ва санкцияга қаратилган, энди кўпроқ можаро қандай тугаши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда. АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия ва айрим Яқин Шарқ давлатлари дипломатик мулоқотга қизиқиш билдирмоқда. Бинобарин, воситачи қанча кўп бўлмасин, ҳал қилувчи қарорни фақат Москва ва Киев қабул қилиши зарурлиги тобора равшанлашмоқда.
Шу ўринда бир муҳим жиҳатни ҳисобга олиш лозим. Тарих кўрсатадики, йирик урушлар кўпинча томонлардан бирининг мутлақ ғалабаси билан эмас, балки ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий омиллар муайян мувозанат нуқтасига келганда якунланган. Ҳозирча Россия-Украина урушида ана шундай нуқта тўлиқ шакллангани йўқ.
Буни вақтинчалик сулҳга оид тажриба ҳам исботлади. 2026 йил баҳорида амалга оширилган қисқа муддатли ўт очишни тўхтатиш ташаббуси ва маҳбус алмашинуви муайян мулоқот каналлари сақланиб қолганини намоён қилди. Афсуски, келишув барқарор тинчлик механизмига айлана олмади.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, уч асосий тахминни илгари суриш мумкин.
Биринчи – босқичма-босқич дипломатик яқинлашув. Бу ҳолатда маҳбуслар алмашинуви, гуманитар келишув ва қисқа муддатли сулҳ кейинчалик кенгроқ сиёсий музокарага йўл очиши мумкин.
Иккинчи – фронтдаги ҳолат кескин ўзгармаган ҳолда узоқ давом этувчи қарама-қаршилик. Кўплаб халқаро таҳлилчилар айнан шу вариант эҳтимоли ҳозирча юқори, деб ҳисобламоқда.
Учинчи – ҳарбий ва сиёсий босим янада кучайиб, музокара яна ортга сурилади.
Бугунги ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, уруш ҳали ўзининг ҳал қилувчи нуқтасига етиб келгани йўқ. 2026 йил аввалги мавсумлардан фарқли равишда фронтдаги воқеалар билан бирга музокара атрофидаги сиёсий ҳаракат ҳам диққат марказига чиқмоқда. Шунинг учун ҳозирги босқични тинчлик даври бошланиши ёки янги эскалация арафаси эмас, балки келажакдаги ечим усуллари шаклланаётган мураккаб ўтиш даври сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА