Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабига учинчи босқич имтиҳонлар бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасидан ажратилган махсус ёпиқ зал биносида ташкил этилган имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўрилди. Номзодлар тест синовлари ҳудудига киришдан аввал дезинфекция йўлагидан ўтказилди. Умуман, тест жараёнида тиббий ва бошқа хавфсизлик чоралари кўрилиб, карантин қоидаларига риоя этилишига эътибор қаратилди.
Номзодлар имтиҳон жойига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва имтиҳонга қатнашиш рухсатномаси билан киритилди. Ижод мактабининг 7-синфи учун мавжуд 20 та квота учун 667 та ҳужжат келиб тушди. Ҳар бир ўрин учун 33 нафар талабгор тўғри келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ижод мактабига 2022-2023 ўқув йили учун қабул жорий йилнинг 1 июнидан 20 июнига қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди.
Имтиҳон жараёнлари Президент таълим муассасалари агентлиги ва Давлат тест маркази мутахассислари томонидан кузатиб борилиб, муносиб баҳолаб борилди.
Ўқувчилар имтиҳон биносида 21 та гуруҳда тест синовларини топширди. Талабгорлар имтиҳонларнинг илк босқичида ёзма ижодий қобилиятини синовдан ўтказган бўлса, кейинги босқичда бўлиб ўтган оғзаки суҳбатда номзодларнинг инглиз тилида гапириш кўникмаси кўрилди. Учинчи босқичда эса она тили ва адабиёт, чет тили фанларидан тест топширилди.
- Хорижий тилларга ихтисослаштирилган таълим масканимиз 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилиб, биринчи ўқув йилида 7-11 синфларга 100 нафар ўқувчи қабул қилинган эди, - дейди Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби директорининг махсус фанлар бўйича ўринбосари Валижон Мамажонов. – Яқинда якунига етган ўқув йилида мактабни тамомлаган 17 нафар ўғил-қизнинг барчаси олий ўқув юртларига имтиёзли равишда қабул қилинди. Ўқувчиларимиз буюк маърифатпарвар аллома, матбаачи ва таржимон Исҳоқхон тўра Жунайдуллохон тўра ўғли Ибрат бобомиз каби чет тилларни мукаммал эгаллашни, келгусида мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйишни мақсад қилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА