Республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги ижод мактаби ўқувчилари олий таълим муассасаларига кириш бўйича кўрсаткичларда юқори натижаларни қайд этди.
Хусусан, жорий йилда 38 нафар мазкур мактаб битирувчисининг умумий кўрсаткичи 168,91 баллни ташкил этиб, ўқув даргоҳи Наманган вилояти бўйича биринчи, республика миқёсида эса тўққизинчи ўринни эгаллади. Шу тариқа илм маскани юртимиздаги илғор таълим муассасалари сафидан муносиб ўрин олди.

Таъкидлаш жоиз, мактаб битирувчилари юз фоиз халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритган. Шунингдек, икки нафар ўқувчи Корея Республикасида ўтказилган халқаро ёшлар форумида, бир нафари Германияда таълим саёҳатида қатнашган. Ижод мактаби устоз муаллимларидан бири эса Франциянинг Нитса шаҳрида малака ошириш курсларида иштирок этиб, ўз билим ва тажрибасини янада бойитди.

Ибрат ижод мактабида ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда ўндан ортиқ болаларнинг китоблари чоп этилиб, элликдан зиёд мақолалари нашр этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.