Тоғларимиздаги музликларнинг қисқариши Амударё ва Сирдарёдаги сув оқимини камайтирмоқда
Сўнгги йилларда глобал миқёсда сув ресурсларига бўлган талабнинг ортиши, иқлим ўзгариши ва демографик босим сув таъминоти масаласини стратегик аҳамиятга эга муаммолар қаторига киритмоқда. Айниқса, қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда жойлашган давлатлар учун сув ресурсларини самарали бошқариш долзарб илмий-амалий вазифа сифатида намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз ҳам сув танқислиги хавфи юқори бўлган мамлакатлар қаторига киради, чунки мавжуд сув истеъмоли асосан трансчегаравий дарёлар ва ер ости сув манбалари ҳисобига шаклланади ҳамда табиий ресурслардан юқори даражада фойдаланиш кузатилади.
Мамлакат иқтисодиётида сувнинг асосий истеъмолчиси қишлоқ хўжалиги бўлиб, умумий сув сарфининг тахминан 90 фоизи ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳолат сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларни тежаш ва муқобил сув манбаларини жорий этиш заруратини асослайди. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши оқибатида музликларнинг қисқариши ва гидрологик режимнинг ўзгариши келгусида сув таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Хўш, бундай шароитда сув ресурсларини тежашга қаратилган инновацион ва иқтисодий жиҳатдан самарали технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этадими?
–Ёмғир сувини йиғиш ва ундан қайта фойдаланиш тизимлари халқаро амалиётда кенг қўлланилиб, ичимлик сувига бўлган юкламани сезиларли даражада камайтириш имконини беради, – деди Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати Мухсиддин Низомиддинов. – Мазкур технологиялар Ўзбекистон шароитида ҳам юқори салоҳиятга эга бўлиб, уларни кенг жорий этиш сув ресурсларини барқарор бошқаришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Илмий ва статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича сув истеъмоли табиий қайта тикланиш суръатидан тезроқ ўсмоқда. Марказий Осиёда ҳам сув муаммоси долзарб ҳисобланади. Ўзбекистонда сув истеъмоли мавжуд ресурсларга нисбатан 123 фоизни ташкил этади. Бу мамлакат ўз табиий сув захираларидан ортиқча фойдаланаётганини кўрсатади. Сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади, шу сабабли сувдан самарали фойдаланиш жуда муҳим.
Сув танқислигига яна бир асосий сабаб иқлим ўзгариши ва музликларнинг қисқариши. World Meteorological Organization (WMO) маълумотларига кўра, 2024–2025 йиллар гидрологик даври сўнгги 70 йилдаги энг оғир даврлардан бири бўлган. Марказий Осиёдаги Памир, Тянь-Шань ва Ҳиндуқуш тоғларидаги музликлар камайиб бормоқда. Бу эса Амударё ва Сирдарё сув оқимига таъсир кўрсатади.
Мутахассислар фикрига кўра, яқин 10–15 йил ичида музликлар тез эриши сабабли сув оқими аввал ортиши, кейин эса кескин камайиши мумкин. Бу жараён “сув чўққиси” (peak water) деб аталади. Шундан кейин сув ресурслари камаяди ва айниқса қурғоқчилик пайтида сув танқислиги кучаяди. Бу ҳолат Орол денгизи ҳудудидаги экологик вазиятни янада оғирлаштиради.
Шундай шароитда сувни тежаш ва муқобил манбалардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада энг самарали усуллардан бири — ёмғир сувини йиғиш ва ундан қайта фойдаланиш. Халқаро тажрибага кўра, бундай тизимлар ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни 30–50 фоизгача камайтириши мумкин.
Ёмғир сувини йиғиш тизими оддий: бинолар томидан йиғилган сув фильтрланиб, махсус резервуарларда сақланади ва кейин техник эҳтиёжлар учун ишлатилади. Масалан, 100 м² том майдонига эга бино йилда 300–600 мм ёғингарчилик бўлса, 30–60 м³ сув йиғиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳам бу тизимни жорий этиш имконияти юқори. Масалан, Тошкентда ўртача йиллик ёғингарчилик 400 мм. Агар 10 мингта хонадон бу тизимни қўлласа, йилига камида 400 000 м³ сув тежалади. Бу эса 20–25 минг аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини қоплашга тенгдир.
Амалиётда ёмғир сувидан фойдаланишнинг муҳим йўналишларидан бири — қуёш панелларини тозалаш. Ҳозирги кунда 1 мегаватт қувватга эга қуёш электр станциясида йилига 1000–2000 м³ сув сарфланади. Ёмғир сувидан фойдаланилса, бу сарфни 40 фоизга камайтириш мумкин.
Шунингдек, чиқинди ташиш транспортларини ювишда ҳам сув кўп сарфланади. Агар 500 та техника ҳар куни 200–300 литрдан сув ишлатса, йиллик сарф 36–54 минг м³ни ташкил этади. Ёмғир сувидан фойдаланиш орқали буни камида 50 фоизга қисқартириш мумкин.
Бундан ташқари, янги қурилаётган биноларда ёмғир сувини йиғиш тизимини мажбурий стандарт сифатида жорий этиш муҳим. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бу ёндашув сув истеъмолини 25–30 фоизга камайтиради.
Иқтисодий жиҳатдан ҳам бу тизим самарали. Ёмғир сувини йиғиш ускунаси ўрнатиш харажати 500–1500 АҚШ долларини ташкил этади ва сув тежалиши ҳисобига 3–5 йилда ўзини қоплайди. Шу билан бирга, бу тизимлар ер ости сувларига тушадиган босимни камайтиради, сув айланишини барқарорлаштиради ва экологик мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, ёмғир сувини йиғиш ва ундан самарали фойдаланишни ривожлантириш Ўзбекистоннинг сув хавфсизлигини таъминлаш, табиий ресурсларни асраш ҳамда келажак авлодлар учун барқарор сув таъминотини яратишда муҳим стратегик йўналиш сифатида қаралиши лозим.
Гулноза Бобоева,
ЎзА