Халқаро молия маркази маҳаллий бизнесга ҳам янги имкониятлар эшигини очади
Катта ислоҳотлар бир кунда амалга ошиб қолмайди. Улар аввало, ғоя сифатида туғилади, вақт ўтиши билан шаклланади ва ниҳоят аниқ қарорга айланади.
Тошкент халқаро молия марказини (ХММ) ташкил этиш ташаббуси ҳам айнан шундай йўлни босиб ўтди.
2018 йилнинг июлида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи давомида Остона халқаро молия маркази (AIFC) фаолияти билан яқиндан танишуви бу йўналишдаги дастлабки қадамлардан бири бўлди. Ўшандаёқ мамлакатимиз раҳбари кўнглида “нега бундай марказ Ўзбекистонда ҳам бўлмаслиги керак?” деган табиий савол пайдо бўлгани шубҳасиз.
Вақт ўтиши билан бу ғоя аниқ стратегияга айланди. 2024 йил июль ойида ўтказилган Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи йиғилишида капитал бозорини ривожлантириш ва халқаро талабларга жавоб берадиган инфратузилма – Халқаро молия марказини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари ҳар бир таклиф ва лойиҳа бўйича алоҳида “йўл харитаси” қабул қилиниши ва улар шахсий назоратда бўлишини таъкидлади.
Шу йилнинг 30 мартида қабул қилинган “Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент фармони мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам ва халқаро капитал бозорига ташланган очиқ чақириқдир.
Бугун дунёда пул, инвестициялар ва иқтидорли мутахассислар учун ҳақиқий рақобат кураши кечмоқда. Мамлакатлар бизнес учун қулай махсус молиявий “майдончалар” яратиб, сармоя жалб қилмоқда. Нега бизнес саҳродаги Дубайни танлайди? Нега компаниялар Кайман оролларида рўйхатдан ўтади? Ёки нега инвесторлар ёнгинамиздаги Остонага келади? Жавоб оддий: қонунлар тушунарли, инвестициялар ҳимояланган, бизнес юритишга тўсиқ кам.
Тошкент халқаро молия маркази янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг самарали воситаси бўлиши қайд этилар экан, ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20-25 миллиард доллар сармоя жалб қилиши, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоизгача ҳисса қўшиши мумкин. Шу билан бирга, 15 минггача янги юқори малакали иш ўрни яратиш ва 10 минг нафар мутахассис малакасини оширишга хизмат қилади.
Тошкент халқаро молия марказини яратиш – оддий ислоҳот эмас, балки институционал сакраш ҳисобланади.
Бундай марказлар, одатда, оддий миллий қонунлар билан ишлай олмайди. Шунинг учун у алоҳида, конституциявий қонун даражасида тартибга солинадиган махсус ҳуқуқий режимга эга бўлади.
Марказ ҳудудида фуқаролик ва тижорат ҳуқуқи, молия ва банк қоидалари, солиқ ва меҳнат муносабатлари, маълумотларни ҳимоя қилиш каби соҳалар учун алоҳида қоидалар амал қилади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири – Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи тамойилларининг қўлланилиши. Бу инвесторлар учун таниш ва ишончли ҳуқуқий муҳит яратади.
Ҳужжат билан танишганларнинг айримларида савол туғилаяпти: ХММ “давлат ичидаги давлатми?”
Мутлақо йўқ. Марказда алоҳида ҳуқуқий режим - ўз суди ва арбитражи, махсус солиқ тизими бўлади. Шу сабабли у “алоҳида ҳудуд”дек туюлади. Лекин у суверен эмас, алоҳида давлат ҳам эмас, қонунлар Ўзбекистон томонидан тасдиқланади, тўлиқ назорат эса давлат қўлида бўлади. Соддароқ айтганда, Ўзбекистон ҳудудида махсус майдон яратилади. У ердаги ўйин қоидалари халқаро стандартларга мос бўлади.
Демак, ХММ – юқори даражада автономияга эга махсус ҳуқуқий ҳудуд. Бир қарашда ХММ офшорларга ҳам ўхшаб кетади. Лекин улар орасида катта фарқ бор. ХММда реал бизнес юритилади, инвестициялар жалб қилинади, қатъий назорат ва шаффофлик яратилиб, халқаро стандартлар қўлланилади. Офшор зоналарда эса кўпинча солиқ оптимизация қилинади, компаниялар аксарият “қоғозда” фаолият кўрсатади, юқори махфийликка риоя қилинади, баъзан шубҳали операциялар амалга оширилади. Шунинг учун ХММга ўсиш воситаси, офшорга эса кўпроқ солиқдан қочиш инструменти сифатида қаралади.
Глобал капитални жалб қилиш учун халқаро молия марказларига солиқ ва бошқа имтиёзлар берилади. Зеро, капитал доимо солиқ паст, бюрократия кам, қоидалар аниқ бўлган жойга оқади.
Айни ўринда табиий савол туғилади: нега бундай имтиёзлар маҳаллий бизнесга ҳам берилмайди?
Агар имтиёзлар барчага тенг тақдим этилса, бюджет тушумлари камайиши мумкин. Агар имтиёзлар фақат муайян ҳудуд ёки секторларга берилса, компаниялар солиқ юкини камайтириш учун айнан шу жойларга “кўчиб ўтиш”га ошиқади.
Имтиёзлар мақсад эмас, восита. Агар улар иқтисодий фаоллик яратмаса, улар шунчаки бюджетдан воз кечишга айланади.
Шу билан бирга, маҳаллий бизнес ҳам бутунлай эътибордан четда эмаслигини, эркин иқтисодий зоналар, солиқ имтиёзлари яратилаётгани, субсидиялар ажратилаётганини эсдан чиқармайлик.
Халқаро молия маркази фақат хорижий инвесторлар учун эмас. У маҳаллий бизнесга ҳам янги имкониятлар эшигини очади. Хусусан, халқаро капитал бозорларига чиқиш, арзон молиялаштиришга эга бўлиш, компанияларнинг акцияларини оммага чиқариб, сармоя жалб қилиши (IPO) орқали маблағ жалб қилиш ҳамда хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри ишлаш имконияти пайдо бўлади. Яъни, бу - ички бизнес учун янги босқич демакдир.
ХММ миллий иқтисодиётга кучли таъсир кўрсатади. Хорижий инвестициялар оқими ошади, молиявий сектор ривожланади, ЯИМ ва солиқ тушумлари ўсади, юқори маошли иш ўринлари яратилади, бизнес муҳит яхшиланади, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви тезлашади.
Айни вақтда “унинг хатарли томонлари ҳам бор”, дейишмоқда экспертлар. Уларнинг фикрича, иқтисодиётнинг ташқи капиталга боғлиқлиги ошади, бозор “пуфаклари” пайдо бўлади, тенгсизлик ошади, иқтисодиёт иситмага тушади, ноқонуний операциялар хавфи пайдо бўлиб, реал сектор заифлашиши мумкин.
Демак, халқаро молия марказлари бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам хатар манбаи ҳисобланади. Бу ерда бошқарув сифати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Кучли институтлар шароитида улар иқтисодий ўсиш драйверига хизмат қилади, акс ҳолда эса мавжуд муаммоларни янада кучайтириши мумкин.
ХММ локал молиявий институтларга икки хил таъсир кўрсатади. Бир томондан янги технологиялар келади, хизмат сифати ошади, рақобат кучаяди. Бошқа томондан, мижозлар ХММга ўтиши, энг яхши кадрлар кетиши, заиф компанияларнинг бозордан чиқиши эҳтимоли пайдо бўлади. Шу маънода, ХММ – “фильтр”: кучлиларни кучайтиради, тайёр бўлмаганларни сиқиб чиқаради. Энг муҳими, пировардида мижоз ютади.
Яратилаётган марказдан нимани кутаяпмиз? Қулай ва шаффоф молиявий муҳит яратиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш, капитал бозорини ривожлантириш, халқаро молия бозорлари билан интеграциялашувни. Шунингдек, банк ва суғурта хизматлари, исломий молия, финтех ва рақамли активлар, электрон тижорат каби йўналишларни ривожлантиришни. Бу марказ атрофида аудиторлик, консалтинг, юридик хизматлар, комплаенс каби профессионал хизматлар экотизими ҳам шаклланади. Ҳадемай бўй чўзажак халқаро молия маркази Тошкент ва мамлакатимиз учун жуда-жуда ярашиқли ва стратегик аҳамиятга эга. Юртимизнинг бой табиий ресурслари, иқтисодий салоҳияти ва ислоҳотлари эса бу борада катта устунлик яратмоқда. Ишонч билан илк қадамни ташладик, бу бизнинг бўлғуси рақобатга ростмана тайёр эканимизни, Тошкентни минтақавий молиявий хабга айлантира олишимизни кўрсатмоқда. Халқаро молия маркази қуриш – бу бинолар эмас, ишонч кўпригини қуришдир. Ишонч вақт, қонун ва амалиёт уйғунлигида шаклланади. Энг асосий кафолат эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қонун устуворлиги ва давлатнинг ўз мажбуриятларига содиқлигида. Улар жам бўлган жойга капитал ҳам, имконият ҳам, келажак ҳам келади.
Асқар Ҳайдаров,
журналист