Жорий йилнинг 24 июлидан 10 август кунига қадар Франция пойтахти Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилади. Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳам ушбу нуфузли мусобақада иштирок этади.
Олимпиячиларимиз мазкур мусобақанинг «С» гуруҳ босқичида Испания, Миср ҳамда Доминикан Республикаси терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Мазкур баҳсларда терма жамоамизнинг 22 нафар футболчиси иштирок этади.
Аниқроғи, куни кеча терма жамоамиз бош мураббийи Тимур Кападзе Олимпия ўйинларига борадиган якуний таркибни эълон қилди.
Якуний таркиб қуйидагича:
Дарвозабонлар: Абдувоҳид Неъматов, Владимир Назаров, Ҳамидилло Абдунабиев.
Ҳимоячилар: Абдуқодир Ҳусанов, Асадбек Раҳимжонов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Ҳусниддин Алиқулов, Саидазамат Мирсаидов, Зафармурод Абдираҳматов, Иброҳимхалил Йўлдошев,
Ярим ҳимоячилар: Абдурауф Бўриев, Беҳруз Асқаров, Жасур Жалолиддинов, Иброҳим Ибрагимов, Умарали Раҳмоналиев, Диёр Холматов.
Ҳужумчилар: Аббосбек Файзуллаев, Остон Ўрунов, Элдор Шомуродов, Алишер Одилов, Руслан Жиянов, Ҳусаин Норчаев.
Эслатиб ўтамиз, тўрт нафар футболчи захира таркибидан жой олади. Агар асосий 18 нафар футболчидан бири жароҳат оладиган бўлса, улардан бири сафга қўшилиши мумкин бўлади.
Тимур Кападзе шогирдлари Олимпиададаги иштирокини 24 июль куни Испанияга қарши ўйин билан бошлайди. Иккинчи тур учрашуви 27 июль куни Мисрга қарши ўтса, 30 июль куни Доминикан Республикаси билан учинчи турда рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА