Тимур Ишметов: "Ўзбекистон халқаро захираларни бошқаришда диверсификацияни кенгайтирмоқда"
Аввал хабар қилинганидек, бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “IPAM Forum 2026” Халқаро захираларни бошқариш форуми бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов сўзга чиқиб, глобал молия бозорларидаги ўзгаришлар шароитида халқаро захираларни самарали бошқариш, портфель диверсификациясини кенгайтириш ва ташқи хатарларга бардошлиликни таъминлаш масалаларига тўхталди:
– Ўзбекистон Республикаси Марказий банки илк бор Халқаро захираларни бошқариш бўйича глобал мулоқотга мезбонлик қилмоқда. Унда 35 та ташкилотнинг 77 нафар вакили, жумладан, Шимолий Америка ва Европа, Форс кўрфази мамлакатлари, Япония, Сингапур, Корея Республикаси ва қўшни давлатлардан мутахассислар иштирок этмоқда.
Иштирокчилар орасида активларни бошқарувчи ташкилотлар, марказий банклар, давлат институтлари ва халқаро молия ташкилотлари вакиллари бор. Улар бошқараётган активларнинг умумий қиймати 36 триллион АҚШ долларидан, расмий захиралар ҳажми эса 3,4 триллион доллардан ортиқ.
Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва иқтисодий ўсиш захираларни самарали бошқариш учун муҳим замин яратмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 8,5 фоизга ўсди. Шу билан бирга, инфляция 2018 йилдаги қарийб 20 фоиздан бугун 6,2 фоизгача пасайди. Жорий йилда инфляция 6,5 фоиз атрофида, келгуси йилда эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткич даражасида бўлиши кутилмоқда.
Шу суръатда ўсиб бораётган иқтисодиёт ўзи юзага келтирмаган ташқи шокларни ҳам енга олиши керак. Айнан шу нуқтада захираларни бошқариш масаласи алоҳида аҳамият касб этади.
1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи ярмида захираларга қарийб 50 тонна олтин қўшилган.
Ўзбекистон халқаро захираларни бошқариш салоҳиятини босқичма-босқич ривожлантирмоқда. 2020 йилда Жаҳон банкининг Захираларни бошқариш бўйича маслаҳат ва ҳамкорлик дастурига қўшилган бўлса, 2024 йилда АҚШ ғазначилик қимматли қоғозларини илк бор харид қилиш бошланган.
Биз бу салоҳиятни пухта, ҳеч қандай қисқа йўлларсиз шакллантирдик ва бунда учта тамойилга таяндик: хавфсизлик, ликвидлик ва даромадлилик айнан шу кетма-кетликда.
Марказий банк активлар синфлари, валюталар ва контрагентлар бўйича диверсификацияни янада кенгайтириш йўлидан бормоқда. Бу жараёнда халқаро тажрибадан фойдаланиш ва ташқи бошқарувга босқичма-босқич ўтишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу залда давлат активларини бошқариш бўйича ўнлаб йиллик тажриба жамланган. Биз ундан ўрганишни истаймиз: энг кучли институтлар диверсификацияга амалда қандай ёндашган, улар учун нималар самара берган ва нималар бермаган. Ташқи бошқарувга босқичма-босқич ўтиш ҳам шу жараённинг бир қисмидир.
Форумда глобал захиралар таркибида олтиннинг ортиб бораётган роли ҳам муҳокама қилинди. Жаҳон олтин кенгашининг сўнгги сўровига кўра, марказий банкларнинг 89 фоизи глобал олтин захиралари ошишини кутмоқда, 45 фоизи эса ўз олтин захираларини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, ҳар тўртта марказий банкдан учтаси келгуси беш йилда долларнинг глобал захиралардаги улуши камайишини кутмоқда.
Бундай ўзгаришлар захираларни бошқаришда диверсификация, бардошлилик ва стратегик активлар тақсимотига ёндашувларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Аҳамиятлиси, форумда иштирокчилар халқаро захираларни бошқаришдаги ўз тажрибаси, ёндашувлари ва амалий ечимлари билан ўртоқлашмоқда. Тадбир доирасидаги муҳокамалар Ўзбекистон учун глобал тажрибани ўрганиш, захираларни бошқаришнинг замонавий ёндашувларини янада такомиллаштириш ҳамда халқаро профессионал ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.