Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 72 млрд. доллардан ошди
Август ойида мамлакатнинг халқаро захиралари 7,8 миллиард долларга кўпайди. Олтиннинг физик ҳажми эса рекорд даража — қарийб 439 тоннага етди.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари август ойида сезиларли даражада ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, 1 сентябрь ҳолатига мамлакатнинг халқаро захиралари 72,13 миллиард долларни ташкил этган. Бу июль ойидаги 64,35 миллиард долларга нисбатан 7,78 миллиард доллар ёки 12,1 фоиз кўп.
Захиралар ўсишининг асосий омили — жаҳон бозорида олтин нархининг кескин кўтарилиши бўлди. Август ойида бир трой унция олтиннинг қиймати 4052,2 доллардан 4602 долларгача, яъни қарийб 13,6 фоизга ошди. Олтин нархининг ўсиши билан бир қаторда, Марказий банк захиралардаги олтиннинг физик ҳажмини ҳам оширди.
Август ойида олтин захираси 258,9 минг трой унцияга ёки қарийб 8,05 тоннага кўпайди. Натижада унинг умумий ҳажми 14,11 миллион трой унцияга, яъни қарийб 438,9 тоннага етди.
Бу 2013 йилдан буён статистика юритила бошланганидан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Олтин захираларининг қиймати эса бир ойда 8,81 миллиард долларга ошиб, 56,12 миллиард доллардан 64,93 миллиард долларга етди. Шу тариқа, олтиннинг халқаро захиралар таркибидаги улуши 90 фоизга яқинлашди. Қайд этиш жоизки, июль ойида олтин захирасининг физик ҳажми қарийб 0,94 тоннага камайган эди. Августда эса Марказий банк олтин ҳажмини яна ошириб, янги рекорд кўрсаткич қайд этди.
Захираларнинг олтин қисми сезиларли ўсган бир пайтда, хорижий валютадаги активлар ҳажми камайди. Август ойида хорижий валютадаги захира активлари 7,65 миллиард доллардан 6,64 миллиард долларгача, яъни қарийб 1,02 миллиард долларга қисқарган.
Қимматли қоғозлар портфели эса атиги 3,4 миллион долларга ўсиб, 1,766 миллиард долларни ташкил этди.
Август ойида жаҳон бозорида олтин нархи бир неча ой давом этган пасайишдан сўнг яна юқорига кўтарилди. Бунда доллар курсининг заифлашиши, АҚШ давлат облигациялари даромадлилигининг пасайиши ҳамда Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик муҳим омиллардан бўлди. Шунингдек, июль ойи охиридан биржа фондларининг олтин харидини қайта фаоллаштириши қимматбаҳо металлга бўлган талабни оширди.
Марказий банк аввалроқ халқаро захиралар таркибида олтин улушининг юқорилигини активларни бошқаришдаги консерватив ёндашув билан изоҳлаган. Шу билан бирга, регулятор қимматбаҳо металлар нархига боғлиқликни камайтириш мақсадида захираларни босқичма-босқич диверсификация қилиб бормоқда. Умуман, халқаро захиралар мамлакатнинг ташқи иқтисодий барқарорлиги учун муҳим молиявий «ҳимоя ёстиғи» вазифасини бажаради. Улар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларни бажариш ва зарур ҳолатларда импортни молиялаштириш имконини беради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА