Етимликда улғайган Икром 2016 йилдан 2020 йилнинг апрель ойига қадар турли манзилларда яшаб келди.
Шу орада содир этган ўғрилик жинояти учун судланиб, Навоий шаҳар судининг ҳукми билан унга нисбатан тайинланган аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди. Судда қилмишига иқрорлик ва пушаймонлик билдирган бу йигит 20 ёшида ундан-да ўта оғир, яъни қасддан одам ўлдириш жиноятига қўл урди.
Икром 2020 йилнинг апрель ойларида янгаси Дилнозанинг уйига яшаш учун кўчиб боради. Тоғаси чамаси етти йиллар илгари вафот этган, хонадонда эса янгаси Нигина исмли қизи ва унинг вояга етмаган ўғли билан бирга унга нотаниш, 1-гуруҳ ногирони бўлган Сардор исмли шахс ҳам яшар эди.
Янгаси Дилноза болалигидан ногирон, ақли заиф, чап қўли ва чап оёғи ёшлигида кўмирдан қолган чўққа йиқилиб тушиб куйган Сардорни одамларнинг кўнглида раҳм-шафқат уйғотишини назарда тутиб, 2 йилдан буён тиланчилик билан мунтазам шуғулланишга мажбур қилиб келарди. Тиланчиликдан тушган маблағ эса Дилноза ва унинг қизи учун кунлик кетадиган эҳтиёжларга сарф қилинар эди.
Икромнинг ўзи эса Кармана туманида пластик идишларни тўплаб сотиб, топган пулининг бир қисмини янгасига ижара учун бериб, шу аснода кун кечириб юрарди.
Одатда аҳоли гавжум бозорлар атрофига тиланчилик қилиш учун олиб борилган Сардор сўнгги кунларда бу каби ҳаёт тарзидан бездими, уйдан тез-тез чиқиб, боши оққан томонга кетадиган, бир оз вақт ўтиб, ўзи яна қайтиб келадиган одат чиқарди.
Бир куни Дилноза қизи Нигина ва жияни Икромга Сардорни келгусида уйдан қочиб кетишининг олдини олиш, унинг тиланчилиги эвазига келаётган даромадни сақлаб қолиш мақсадида уни омборхонага киритиб, устидан қулфлаб қўйишларини буюрди. Шундай қилиб, Сардор 2020 йил 12 июндан 12 июлга қадар ҳаво ҳароратининг иссиқлиги, инсон яшаши учун жуда тор, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган кичик омборхонага устидан қулфлаб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилинган.
2020 йилнинг 12 июль куни соат 22:00 ларда Сардорнинг баланд овозини эшитиб, Нигина билан Икром унинг ёнига киради. Ногиронлиги сабабли бундай шароитда ушлаб турилгани учун қийналган Сардор уларни ҳақорат қилади. Бу ҳақоратдан ғазаб отига минган Нигина ва Икром Сардорнинг оғзини рўмол билан боғлаб, ташқарига олиб чиқади. Оёғини металл занжир билан боғлаб, ўроқ шаклидаги темир бўлаги билан танасининг орқа ва олд қорин соҳалари, қўл ва оёқларига уриб, унга тан жароҳатлари етказиб, қўлларини ип билан боғлайди. Аммо ногирон бўлишига қарамасдан Сардор уларга қаршилик кўрсатади. Бундан қаттиқ ғазабланган Нигина ва Икром ўзаро жиноий тил бириктириб, Сардорни қасддан ўлдиришни мақсад қилади.
Икром Сардорнинг қўлларини маҳкам ушлаб турган бир пайтда Нигина оёғи билан унинг бўйин соҳасидан босиб туради. Натижада Сардор унга етказилган оғир тан жароҳатлари ва юқори нафас йўлларининг беркилиши оқибатида воқеа жойида вафот этади.
Содир этилган қотиллик жиноятининг оқибатидан ва жавобгарликдан қутилиш мақсадида жиноят изларини яшириш учун улар Сардорнинг жасадини оқ рангли матодан тикилган қопга солиб, “Зарафшон” дарёсига олиб бориб ташлаш, ашёвий далилларни эса йўқ қилиш пайига тушади.
Улар бўлган воқеадан хабардор қилиш учун ухлаб ётган Дилнозани уйғотади. У эса ваҳимага тушиб, тезроқ мурдани йўқотишни буюради ва мурда солинган халтани эшак аравага ортиб, жасадни “Зарафшон” дарёсига ташлаб юборишади. “Бу ишни ҳеч кимга сездирмай амалга оширдик, энди мурдани сув оқизиб кетади, ҳеч кимса топа олмайди”, деб хотиржамликка берилиб, ҳар кунги турмуш тарзида давом этишади.
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, дейишади. Жиноят икки кунда фош бўлди.
Суд мажлисида судланувчилар қилган жиноятларига иқрорлик билдирди. Эндигина 20 ёшни қаршилаган Икром 17 йил умрини жазони ижро этиш колониясида ўтайди, Нигина эса суд ҳукмига кўра 13 йил озодликдан маҳрум қилинди. Унинг отасиз вояга етаётган фарзанди энди она меҳридан ҳам жудо бўлди. Сардордан тиланчиликда фойдаланган ва уни ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилган Дилнозага нисбатан суд томонидан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тай
инланди.
Азиза Рўзиева,
Навоий вилояти суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти