Тибетда 261 сайёҳ бедарак йўқолди
Хитойнинг Тибет мухтор ҳудудида содир бўлган кўчки оқибатида 16 киши ҳалок бўлгани, 546 киши бедарак йўқолгани тўғрисида хабар тарқалди.
Тақдири номаълум шахслар орасида 23 мамлакатдан 261 нафар чет эллик ҳам бор. ХХР ҳукумати қидирув-қутқарув амалиёти ва жараён билан боғлиқ ёрдам учун тахминан 18 миллион доллар (120 миллион юань) ажратган. Минтақада энг юқори даражали офатга жавоб бериш тартиби амал қилмоқда.
Чин мамлакати Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, миссияда 2100 киши иштирок этяпти. Халқ озодлик армияси аскар ва зобитлари ҳам йўқолганларни қидирмоқда. 269 махсус транспорт воситаси, тахминан 4000 техника тўплами сафарбар қилинган амалиёт қуруқлик ва ҳаво орқали олиб бориляпти. Шахсий таркиб лой кўчган ҳудудда дрондан фойдаланиб, зарар кўрган жойлардан тасвир узатяпти.
26 август куни Непал томондан ўпирилган улкан лой бўлаги чегарадаги Жилонг ўтиш манзилига урилиб, жиддий табиий офат келтириб чиқарган.
Сўнгги хабарга кўра, Хитой ва Непалда офат оқибатида 734 одам ҳалок бўлган, қарийб 3000 кишидан дарак йўқ.
С.Раҳимов, ЎзА