Непалда тошқин: 384 сайёҳ йўқолган
Чоршанба куни Непал-Хитой чегараси яқинида юз берган кучли сув тошқини ва кўчкидан кейин камида 384 сайёҳнинг тақдири номаълумлиги эълон қилинди.
Мамлакат туризм кенгаши маълумотида 8 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган. Чегаранинг иккала томонида ҳам қутқарув ишлари олиб бориляпти. Расмийлар йўқолганларни топиб, улар хавфсизлигини текширмоқда.
Жабрланганлар орасида Ҳиндистон, Буюк Британия, Жанубий Африка, Австралия ва Нидерландия фуқаролари ҳам бор. Ҳали кўпчиликнинг шахси аниқланмаган.

Сув ва лой тошқини полиция бўлими, божхона маскани ва хусусий уйларни вайрон қилган. Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан хавотирда. Ботекоши дарёси устидаги муз кўли эриши ҳодисанинг эҳтимолий сабаби сифатида фараз қилиняпти.

Кейинроқ Непал шимолида тошқин 157 инсоннинг ҳаётига зомин бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Маҳаллий полиция қурбонлар сони ошиши мумкинлиги, юзлаб сайёҳ ҳамон топилмаётганини яна бир бор эслатди.
С.Раҳимов, ЎзА