Тиббиёт соҳасида янги босқич: инсон қадри ва аҳоли саломатлиги йўлида муҳим қадам
Шифокорнинг меҳнати қадрланган жойда тиббиёт ривожланади. Тиббиёт ривожланса, миллат соғлом бўлади.
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг устувор тамойилига айлангани бугун барча соҳаларда, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида амалий ифодасини топмоқда. Президентимиз раҳбарлигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш ва инсон ҳаёти сифатини яхшилашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, маҳалла даражасида паллиатив ёрдам тизимини жорий қилиш, беморларга уй шароитида қараб туриш ва парвариш хизматларини йўлга қўйиш, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун “Оилани қўллаб-қувватлаш” хизматини ташкил этиш ташаббуси том маънода халқчил ва инсонпарвар ёндашувдир.
Бу – оғир хасталикка чалинган инсоннинг фақат касалхонада эмас, балки ўз уйида, яқинлари бағрида тиббий ва маънавий кўмак олишини таъминлайди.
Ўзбек халқида азалдан бемор ҳолидан хабар олиш, унинг дардига шерик бўлиш, меҳр ва эътибор билан қўллаб-қувватлаш юксак қадрият ҳисобланган. Энди ана шу миллий қадриятлар замонавий тиббиёт тизими билан уйғунлашиб, янада самарали шаклга кирмоқда.
Шу билан бирга, гематологик ва онкогематологик касалликларга қарши курашни янада кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам катта аҳамиятга эга. Хусусан, 2026-2030 йилларда бундай касалликларни эрта босқичларда аниқлаш улушини амалдаги 30-40 фоиздан 60 фоизгача ошириш, ташхис қўйилган вақтдан трансплантация амалиётигача бўлган муддатни 6 ойдан 3 ойгача қисқартириш режалаштирилмоқда.
Бу – минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, уларнинг яшаш сифати ва умидини ошириш демак. Энг муҳими, беморларни 100 фоиз ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш ва ҳудудларда гемопоэтик ўзак ҳужайра трансплантацияси амалиётларини жорий қилиш орқали юқори технологияли тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш кўзда тутилмоқда.
Қурбон ҳайити арафасида давлат раҳбарининг қарори билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чоралар кўрилди. Давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан 690 миллиард сўм маблағ ажратилиши ижтимоий давлат тамойилининг яна бир ёрқин намунасидир. Ушбу маблағлар, энг аввало, оғир касалликка чалинган инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга йўналтирилди. Хусусан, 10 минг нафар болада оғир ва ногиронликка олиб келувчи касалликлар бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши, 2,3 минг нафар онкологик ва гематологик беморлар тўлиқ тиббий кўрик, даволаш ва операция билан таъминланиши, 350 нафар беморга жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилиши меҳр ва эътиборнинг асосидир.
Яқинда тиббиёт ва фармацевтика соҳасига доир тақдимотда давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича билдирилган таклифлар ҳам жуда муҳимдир.
Хусусан, 15 йиллик меҳнат стажига эга тиббиёт ходимлари фарзандларининг олий таълим муассасаларидаги контракт тўловининг бир қисмини қоплаш шунингдек, ипотека асосида уй-жой сотиб олишда дастлабки бадалнинг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш таклиф этилмоқда.
Бу қарорлар тиббиёт ходимларининг меҳнатига юксак баҳо бериш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва касб нуфузини оширишга хизмат қилади. Чунки шифокорнинг меҳнати қадрланган жойда тиббиёт ривожланади. Тиббиёт ривожланган жойда миллат соғлом бўлади.
Мен, Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати сифатида, бу каби тиббиёт соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлардан беҳад мамнунман. Чунки аҳоли саломатлиги жамият барқарорлиги, оила фаровонлиги ва миллат келажагининг энг муҳим асосидир.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрининг улуғланаётгани, оила фаровонлиги, фуқаролар саломатлиги, иш билан таъминланиши ва ижтимоий ҳимоясининг давлат томонидан кафолатланаётгани – бу ижтимоий давлат қуриш ғоясининг амалий ифодасидир.
Конституциямизда белгиланган ижтимоий давлат тамойилининг мазмуни айнан шунда: инсон манфаати, унинг ҳаёти, саломатлиги ва муносиб турмуши энг олий қадрият сифатида эътироф этилади. Бугун бу тамойил сўзда эмас, амалда ўз исботини топмоқда. Зеро, соғлом инсон – соғлом оила, соғлом оила – мустаҳкам жамият, мустаҳкам жамият эса кучли давлатнинг пойдевори.
Фируза Муҳитдинова,
Миробод тумани Кенгаши депутати,
юридик фанлар доктори, профессор