"Аҳолининг тиббий хизматга ўз вақтида мурожаат қилиши яхшиланди" – Шавкат Каримов
Академик фикри
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Бу, аввало, халқ саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш ҳамда замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришда намоён бўлмоқда. Зеро, соғлом инсонгина оиласи, маҳалласи ва Ватани равнақи йўлида фаол хизмат қила олади.
Шу мақсадда кейинги ўн йилда юртимизда 10 миллион нафар аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги поликлиника ва шифохоналар барпо этилиб, 58 мингта шифо ўрни яратилди. Замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи кенгайгани ва хусусий сектор ривожлангани туфайли тиббий хизматлар ҳажми уч баробарга ошди. Илгари фақат хорижда бажарилган туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, роботлаштирилган жарроҳлик ва бош миядаги мураккаб амалиётлар каби юздан зиёд тиббий хизмат турлари бугун юртимизда муваффақиятли йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида миллий тараққиёт дастурининг иккинчи йўналиши сифатида халқ саломатлигини мустаҳкамлаш ва умр кўриш давомийлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Бу эса соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизматлар қамрови ва сифатини юксалтириш давлат сиёсатида устувор ўрин тутаётганидан далолат беради. Энг муҳими, тизимдаги бундай ўзгаришлар аҳолининг шифохоналар ва тиббиёт ходимларига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино тарбия эрта болалик давридан бошланиши зарурлигини уқтирган. Бу ҳикматни инсон саломатлигига ҳам тўлиқ татбиқ этиш мумкин: соғлом турмуш тарзи ва ўз соғлиғига масъулият билан ёндашиш кўникмасини болаликдан шакллантириш, келажакда кўплаб хасталикларнинг олдини олишга мустаҳкам замин яратади.
– Соғлиқни сақлаш соҳасида бугун асосий эътибор хасталикларга имкони борича эрта ташхис қўйишга қаратилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган хирургик ангионеврология маркази директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Шавкат Каримов. – Сўнгги йилларда бу борада сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Эндиликда ҳар бир вилоятда марказимиз филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда ўзимизда тажриба орттирган малакали мутахассислар иш олиб боряпти. Қувонарлиси, кейинги пайтда аҳолининг шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилиш маданияти юксалди. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг оғир асоратларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Албатта, соҳада ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Энг долзарб вазифалардан бири, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришдир. Бунинг икки асосий омили бор, мунтазам жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш маданияти. Айни шу йўналишларда тарғибот ва профилактика ишларини янада кучайтиришимиз зарур.
Марказимиз фаолиятидаги устувор вазифалардан бири, бош мияда қон айланиши бузилишларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш орқали инсультнинг олдини олишдан иборат. Чунки бу хасталик оғир асоратларга олиб келиши, инсоннинг ҳаёт сифати ва меҳнат қобилиятини кескин пасайтириши мумкин. Қолаверса, инсультдан кейинги реабилитация жараёни ҳам анча мураккаб кечади. Шу боис нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур йўналишдаги тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш устида ишлаяпмиз.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги имкониятларини ўн йил аввалги шароитлар билан асло таққослаб бўлмайди. Ҳозир тиббиёт муассасалари энг замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан таъминланмоқда. Ҳудудларга хизмат сафари билан борганимизда, маҳалла тиббиёт пунктлари ва поликлиникаларда аҳолини қабул қилиб, уларнинг муаммоларини жойида ўрганишга ҳаракат қиламиз. Асосий мақсадимиз, жаҳон тиббиётида қўлланилаётган илғор усулларни юртимизда ҳам кенг жорий этишдан иборат.
– Хусусан, қон-томир касалликларини даволашда турли жарроҳлик амалиётлари, стентлаш усуллари ҳамда юрак-қон томир тизими билан бир қаторда, уйқу артерияларидаги қон айланиши бузилишларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бу борада халқаро тажриба алмашишнинг аҳамияти беқиёс. Марказимиз ходимлари хорижий мамлакатларда ўтказилаётган илмий-амалий конференцияларда мунтазам иштирок этиб, замонавий тиббий ёндашувларни ўрганмоқда ва уларни амалиётга татбиқ этяпти. Келгусида бундай ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, мутахассисларимизнинг малакаси ва илмий салоҳиятини юксалтиришни мақсад қилганмиз.
Очиқ айтиш керак, айрим юртдошларимиз ҳануз ўз соғлиғига бепарво қарайди. “Ана, клиникалар бор, шифокорлар бор, даволаб олади”, деб ўйлайди. Бу, ўзига, ўз ҳаётига бўлган мутлақо нотўғри муносабатдир. Ҳар бир инсон, аввало, ўзига ўзи шифокор бўлиши лозим. Ёшлик бир пастда ўтиб кетади, “60-70 ёшга чиққанимда соғлиғим қандай бўлади?” деб бугундан фикр юритиш керак. Биз жойларда ўтказаётган семинар ва учрашувларимизда, маҳаллаларда ёшлар-у нуронийлар билан суҳбатларда айнан шу ҳақида куюниб гапиряпмиз. Инсон ёшлигиданоқ ўз саломатлигини қадрлашни ва асрашни ўрганиши зарур.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ, (видео)
ЎзА