Тиббиёт муассасаларига ўттиз миллиард сўмга яқин маблағ ўтказилди
Давлат тиббий суғурта жамғармасининг шахсий ҳисобварағидан бир қатор тиббиёт ташкилотларига 29,9 миллиард сўм ўтказиб берилди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси томонидан республикамизда фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга корхона ва ташкилотларнинг 2026 йил 1 ноябрь ҳолатидаги янги статистик маълумотлари эълон қилинди.
Унга кўра, мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилувчи ташкилотлар сони жами 14 минг 335 тани ташкил этиб, шундан 7 минг 942 таси асосий ташкилотлар ва 6 минг 393 таси филиаллардан иборат.
Шунингдек, соҳада фаолият юритаётган бошқа субъектлар сони ҳам янгиланиб, уларга кўра республикада дори воситаларини улгуржи реализация қилувчи ташкилотлар 450 та, дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар 61 та ҳамда дори воситаларини тайёрловчи ташкилотлар 108 тани ташкил этмоқда.
***
Миллий тиббиёт марказида мураккаб нейрожарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Шифокорлар кўриги ва текширувлар натижасида бош мия ўсмаси аниқланган андижонлик фуқарода кучли бош оғриғи, нутқ бузилиши ва эшитиш қобилияти пасайиши каби хавфли белгилар кузатилаётган эди.
Нейрожарроҳ Ғайрат Эшқувватов томонидан бажарилган юқори технологик операциядан сўнг беморнинг аҳволи сезиларли даражада яхшиланди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов AACI Georgia and Central Asia вакили доктор Арчил Морчиладзе билан учрашиб, мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида халқаро аккредитацияни жорий этиш ва хизматлар сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот чоғида тиббиёт ташкилотларини халқаро баҳолашга тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва аудит жараёнларига маҳаллий экспертларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида тиббиёт муассасаларини халқаро стандартлар асосида аккредитациядан ўтказиш ва соҳавий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
***
Маҳаллий биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи корхоналарда халқаро стандартларни жорий этиш доирасида «Mega Pharm Service» корхонасида HACCP тизимига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Жараёнда ишлаб чиқариш шароитлари, технологик жараёнлар, санитария-гигиена талаблари ҳамда маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш механизмлари кўриб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бундай амалий ўрганишлар корхоналарнинг HACCP талабларига мувофиқ ишлашга тайёргарлигини баҳолаш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини босқичма-босқич такомиллаштиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА