Мураккаб нейрожарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди
Миллий тиббиёт марказининг тажрибали мутахассислари томонидан 67 ёшли беморда бош мия ўсмасини олиб ташлаш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Замонавий тиббий технологиялар қўлланилган мазкур муолажа натижасида бемордаги хавфли ўсма тўлиқ бартараф этилиб, беморнинг соғлиғи тикланмоқда.
***
Тошкент шаҳрида футбол мусобақасида иштирок этиш учун Қозоғистондан келган 20 нафар бола ва уларнинг яқинлари овқатдан заҳарланиш аломатлари (“ўткир диарея” дастлабки ташхиси) билан шифохонага ётқизилди.
ССВ билдирган расмий муносабатга кўра, улар меҳмонхонада сифатсиз ёки нотўғри тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилган. Беморларнинг барчасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда 2 нафар киши уйига жавоб берилган, қолган 18 нафар беморнинг аҳволи барқарор. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ҳолат юзасидан лаборатория текширувлари олиб борилмоқда.
***
2026 йил октябрь ойида Ўзбекистон бўйича жами 122 та янги нодавлат тиббиёт муассасаси ташкил этилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни бошлади.
Мамлакатимиз ҳудудлари кесимидаги таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳри (32 та), Самарқанд (13 та) ҳамда Тошкент (12 та) вилоятлари янги тиббиёт марказлари сони бўйича пешқадамлик қилмоқда. Шунингдек, Андижон ва Фарғона вилоятларида 11 тадан, Сурхондарёда 8 та, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 7 тадан, Хоразмда 5 та, Наманганда 4 та, Навоий вилоятида 3 та, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида эса 1 тадан нодавлат тиббиёт муассасаси фаолият юрита бошлади.
***
«Pharm Service» ва Япониянинг «Fujikura Kasei», «PHC» ҳамда «Eiken Chemical» компаниялари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика саноатида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, япон компанияларининг мамлакатимиз бозоридаги иштирокини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, юртимизда IVD маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари, уни маҳаллийлаштириш механизми ҳамда фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-қоидалари юзасидан фикр алмашилди.
***
Корея Республикасининг Сеул шаҳрида ўтказилаётган Дори воситаларини тартибга солувчи органларнинг халқаро коалицияси (ICMRA) саммитида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакати қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази вакиллари бошчилигидаги делегация саммит доирасида Украина, ЖАР, Корея, АҚШ, Сингапур ва Хитой каби давлатларнинг регулятор тузилмалари билан музокаралар ўтказаётир. Мулоқотларда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, фармaконaзорат тизимини ривожлантириш ҳамда ЖССТнинг регулятор тизимлари етуклигини баҳолаш бўйича ML3 даражасига эришиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
***
Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги «EXPO» халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилган «United Medical Expo-2026» тиббиёт кўргазмасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази – Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт маркази вакиллари ҳам иштирок этди.
Кўргазма доирасида марказ вакиллари замонавий диагностика ва даволаш ускуналари, рақамли тиббиёт ва инновацион технологиялар, шунингдек, халқаро тиббий туризм имкониятлари билан яқиндан танишди. Хорижий тиббиёт муассасалари ва экспертлар билан профессионал мулоқотлар ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашилди ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов халқаро «IQVIA» компанияси вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда компаниянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида қўллаш, хусусан, тиббиёт технологияларини баҳолаш (HTA) тизимини жорий этиш, дори воситалари таъминотини мониторинг қилиш ҳамда рақамли ечимларни татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилди. Онкологик беморларнинг даволаниш жараёнини назорат қилиш, даволаш харажатларини прогноз қилиш ҳамда тизимда шаффофликни таъминлашда маълумотлар таҳлилидан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги «Зарур амалиётлар маркази» делегацияси Бельгиянинг Брюссель шаҳрида ўтказилган «PIC/S» Экспертлар кенгашининг 28-йиғилишида қатнашди.
Бельгиянинг Дори воситалари ва тиббий маҳсулотлар бўйича федерал агентлиги томонидан ташкил этилган халқаро тадбирда асосан инсон қони, тўқималари, ҳужайралари ва илғор терапия дори воситаларига инспекция ўтказиш амалиёти ҳамда замонавий тенденциялар муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА