“The Telegraph”: Путин Буюк Британияга Украина ва ядровий қурол бўйича ультиматум қўйди
Россия Президенти Владимир Путин Буюк Британиянинг бошқа Европа давлатларини ҳимоя қилиш учун ўз ядровий имкониятидан фойдаланишдан воз кечишини талаб қилмоқда, деб хабар тарқатди “The Telegraph”.
Ушбу талаб Россия вакиллари томонидан Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокара учун тайёрланган таклифлар рўйхатига киритилган.
Нашр ёзишича, Буюк Британия Европада НАТОнинг жамоавий мудофаасини таъминлаш учун ядровий қуролли сув ости кемаларидан фойдаланадиган ягона давлат. Манбага кўра, Москва талаблари орасида НАТО кучларини Шарқий Европа ва Болтиқ бўйи мамлакатларидан олиб чиқиш, Финляндияни Иттифоқдан чиқариш ва Ғарб қўшинини Украинага юбормаслик мажбурияти ҳам бор. Таъкидланишича, фақат шу шартлар бажарилгандан кейингина Путин сулҳни кўриб чиқади.
Бундан ташқари Москва Украинага Ғарб қуроли, ҳарбий техникаси ва бошқа маҳсулотлари етказиб берилишини тўхтатиш талабини ҳам қўйган. Яна бир шарт – Украинанинг НАТОга қўшилиш истиқболидан воз кечиши.
– Бунинг эвазига Москва Украина Европа Иттифоқига қўшилишига тўсқинлик қилмайди, фақат Киев Иттифоқнинг умумий мудофаа сиёсатида иштирок этмаслиги керак, – дея қўшимча қилинган мақолада.
С.Раҳимов, ЎзА