Тежамкор суғориш технологиялари янада кенг жорий этилади
Бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам сув муҳим аҳамиятга эга. Мавжуд сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга сарфланишини эътиборга олсак, бу неъматдан тежаб фойдаланиш қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда тежамкор суғориш технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва 430 минг гектарга етказиш белгилаб қўйилган. Сув тежовчи технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми янада кенгайтирилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига республика бўйича жами 511,4 минг гектар майдонда, жумладан, 194 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 11,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 5,9 минг гектар пахта ва бошқа экин майдонларида дискрет суғориш тизими жорий қилинди.
Қайд этиш лозимки, суғориш усули ва суғориш техникасига қўйиладиган талаблар сувнинг суғориш даласи узунлиги ва тупроқ фаол қатлам чуқурлиги бўйлаб бир текис тақсимланишини, тупроқ фаол қатлам остига сизилиши, ҳавога буғланишига ва ташламаларга ташланишига йўл қўймасликни, суғориш тизимида сув тақсимлаш ва суғоришни механизациялаш ва автоматлаштириш, суғоришда юқори иш унуми ва сифатига эришиш, тупроқнинг зичлашуви ва структурасининг бузилиши ҳамда ирригация эррозиясига йўл қўймасликни тақозо этади.
Жорий йилда соҳада юқори натижаларга эришиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 78,8 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 20,9 минг гектар экин майдонларида эгатга плёнка тўшаш орқали суғориш ишлари олиб борилди ҳамда 200,1 минг гектар майдонлар лазер ускунали текислагичлар ёрдамида текисланди. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ташкил қилинган 6 минг нафар ишчи-ходимдан иборат сервис-монтаж гуруҳлари қурилиш-монтаж ишларига жалб қилинганлиги яхши самара берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш ва берилган субсидияни қайтариш тартиби тўғрисида Низом”га асосан томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланган 93,7 минг гектар пахта майдони учун Давлат бюджети ҳисобидан 750,7 миллиард сўм субсидия маблағи ажратиб берилган.
Замонавий технологиялар ҳосилдорликка ва унинг сифатига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Жорий йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Мергантекс” ва “Қоракўл Кумуш Калава” пахта тўқимачилик кластерлари томонидан томчилатиб суғориш тизими жорий этилиб, ҳар гектар майдондан ўртача 70 центнердан ҳосил олинди.
Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Fergana Global textile” пахта-тўқимачилик кластери томонидан Исроилнинг “Netafim” компанияси билан ҳамкорликда тупроғи қумлоқ, сув доим танқис, пахтадан ўртача 10–12 центнер ҳосил олинадиган 215 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун 520 минг долларлик замонавий ускуналар ўрнатилган. Ушбу майдонлардан ўртача 45 центнердан хирмон кўтарилди.
Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Ражаб ота Жуманов” фермер хўжалиги томонидан жорий йилда 17,4 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали биринчи теримнинг ўзидаёқ 50 центнердан ошириб ҳосил олишга эришилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шоҳрух, [17.12.2021 17:32]
Республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилгача бор-йўғи 3 та корхона фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 40 тага етказилди. Бу, маҳсулот таннархини бошқа давлатдан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15-20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5 миллион сўмга арзонлаштириш имконини берди.
2021 йил 26 апрелдан 11 июнга қадар Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва субсидия ажратиш масалалари юзасидан онлайн ўқув курси ташкил қилиниб, 338 нафар сув хўжалиги ходими малакаси оширилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Сув тежамкор суғориш технологиялари” бўйича магистратура мутахассислиги ҳамда “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” бакалавр таълим йўналишлари ташкил этилди.
Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги коллежларда “Сув тежовчи суғориш тизимига хизмат кўрсатиш техниги” касб йўналиши ташкил этилиб, 2021/2022 ўқув йили учун қабул параметрлари доирасида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича мутахассислар (консультант) тайёрлаш мақсадида намунавий ўқув режа ва малака талаби ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга татбиқ этилди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорликда сув хўжалиги соҳасидаги 5 минг 500 нафар раҳбар-ходим, шундан 2 минг 777 нафари сувдан фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш, 1200 нафари ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш, 300 нафари насос станциялар, 300 нафари мелиорация, 393 нафар гидрометрия ва 530 нафарининг бошқа йўналишлар бўйича малакаси оширилди.
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти фаолияти такомиллаштирилди ва институтнинг Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё минтақавий марказлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида 2030 йилгача камида 2 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсад қилиб қўйилган. Шу маънода, юртимизда бундай технологиялар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораверади.
Р.Қаршиев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари.