Бугун сувни тежаш, айниқса, аграр соҳада оқилона фойдаланиш дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган ва ташвишга қўяётган долзарб масалалардан бирига айланди. Об-ҳаёт тақчиллиги шароитида уни истеъмол қилиш ва сарфлашда тежамкор технологияларни қўллаш ва уни оммалаштиришни давр талаб қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2022 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида сувдан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида Наманган вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

– Дунё олимларининг фикрига кўра, сув танқислиги келгуси 10-20 йилликда жуда таҳликали муаммога айланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермер ва деҳқонларга қулайлик ва имтиёзлар берилмоқда. 2025 йил давомида вилоят бўйича жами 77,9 минг гектарда сув тежовчи технологияларни қўллаш, шундан, 5,2 минг гектарда томчилатиб, 2,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 1,9 минг гектарда дискретли суғориш технологияларини жорий этиш, 60,7 минг гектар майдонларда лазерли ер текислаш ҳамда 6,9 минг гектар майдонларни эгилувчан қувур ва 800 гектар майдонларда эгатка плёнка тўшаб суғориш ишларини ташкил этиш белгилаб олинган, – дейди Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Боймирзаев. – Шу йилнинг 14 август ҳолатига кўра, 61,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Булар асосан пахта, ғалла, боғ-ток ерларига нисбатан татбиқ қилинди. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, дискретли суғориш технологияларини жорий этиш, лазерли ер текислаш каби агротехник тадбирларни амалга ошириш мақсадида акциядорлик тижорат “Агробанк” томонидан 193 та фермер хўжалигининг 4,5 минг гектар ер майдонларига 71,1 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари юзга яқин фермер хўжаликларини узликсиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 6057 кВт. ни ташкил этувчи қуёш панеллари ўрнатилди. Бу борада тижорат банклари 25,3 миллиард сўм молиявий кўмак берди.

Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғорилганда нафақат сув тежалади, балки ўсимлик талабига кўра об-ҳаёт берилиши, тупроқда сувнинг яхши буғланиши, ўсув даврида ўғит солиш учун техникага зарурат қолмаслиги, қўл меҳнатининг камайиши, ёқилғи ресурсларнинг иқтисод қилиниши, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши каби бир қатор самарадорликка эришилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан маҳсулот етиштирувчилар томонидан сув тежовчи технологияларни жорий этишда харажатларнинг бир қисми қоплаб берилмоқда. Бунда, технология жорий этилган экин майдонининг ҳар бир гектари учун ўртача 8 миллион сўмдан 14 миллион сўмгача субсидия берилади. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ҳамда дискрет суғориш тизимини татбиқ қилган фермерларга 11,9 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари учун 93,2 миллиард сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратиб берилди.

Тўрақўрғон тумани Чусткўприк маҳалласи, “Наврўз” ММТП ҳудудида жойлашган “Комилов Турсунбой” фермер хўжалиги вилоятда сув тежамкор технологиялардан оқилона фойдланиб келаётган хўжаликлардан бири. Фермер Валишер Комилов раҳбарлигидаги хўжаликнинг жами 302 гектар ер майдони бўлиб, шундан 120 гектарини пахта, 182 гектарини ғалла ташкил этади. Шунингдек, ғалла ва пахтадан бўшаган ерлардан унумли фойдаланиб, ҳар йили 100 гектардан зиёд майдонга такрорий экинлар экилади.
Хўжаликниниг сув таъминоти Тўрақўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Машканал” канали бўлиб, унда мавсумда сув танқис бўлиши ва хўжалик охирги сув олиш қулоғидан суғориши ҳисобига сув таъминоти йилдан йилга оғирлашиб борган. Айни шу сабабли фермер 201 гектар ерга томчилатиб суғориш тизимини жорий этди.

– Сув танқислиги шароитида сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши энг муҳим масаладир. Кейинги йилларда ушбу технологияларнинг самарадор эканлигини англаб етмоқдамиз, – дейди Валишер Комилов. – Томчилатиб суғоришдан илгари ғалла ва пахтадан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш имконияти чекланган эди. Инновацион технологияларни жорий этганимиздан кейин такрорий экинлардан режалаштирилган ҳосилдорликни 20-30 фоизга оширишга эришдик. Ўз навбатида, 75 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизими жорий этгунгача ҳосилдорлик 40 центнерга ҳам етмаган. Сувни тежаш технологияларига ўтилгандан сўнг 50 центнердан ортиқ ҳосил олмоқдамиз.

Фермер хўжалигида 75 гектар пахта майдонини анъанавий суғоришда 12 нафар сувчига эҳтиёж сезилган бўлса, томчилатиб суғориш технологияси татбиқ қилиниши ҳисобига, суғориш ишларини икки киши назорат қилгани натижасида, сувчиларга сарфланадиган маблағ ҳам тежалди. Такрорий экин ҳисобига экилган 100 гектар маккани ҳар 10 гектарини суғориш учун бир сутка вақт етмоқда, мазкур майдонни суғориш учун эса ўртача 50 литр сув сарфланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, унинг ҳар томчисини мақсадли сарфлаш ҳам исрофгарчиликнинг олдини олади, ҳам қишлоқ хўжалигига иқтисодий самарадорлик келтиради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.