Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорига парламент сўрови юборилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Закировга “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, рақамлаштириш ҳамда шаффоф ва коррупциядан ҳоли тизимни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш, савдодаги техник тўсиқларни камайтириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимлари ислоҳ қилинмоқда.
Аммо шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган айрим масалалар бор. Хусусан, мавжуд стандартлар базасини янгилаш, бир қанча соҳаларда тўлиқ халқаро стандартларга ўтиш ишларини жадаллаштириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг халқаро талабларга тўлиқ мос бўлишини таъминлаш лозим.
Шунингдек, соҳада коррупциявий ҳолатларнинг, ортиқча бюрократия ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, сертификатлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш зарур.
Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишлар ҳолати, коррупциянинг олдини олиш, рақамлаштириш, стандартлар базасини янгилаш ва бошқа масалалар борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш бўйича Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорига парламент сўрови юборилди.
М.Комилова, ЎзА