Техник тартибга солиш тизими такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан маҳсулотларнинг мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, стандартларни ихтиёрий қўллаш амалиётини кенгайтириш, метрология соҳасини халқаро талаблар асосида қайта ташкил этиш ҳамда аккредитация органлари фаолияти мустақиллигини кучайтириш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимлари талаблари билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, амалдаги қатор қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилмоқда. Техник регламентлар орқали маҳсулот хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, давлат томонидан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиладиган маҳсулотларга оид айрим нормаларни бекор қилиш ва стандартларни ихтиёрий қўллаш амалиётини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Метрология соҳасида эса ўлчаш воситаларини калибрлаш тизимини кенг жорий этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги тартиблар жорий этилиши белгиланяпти. Шу билан бирга, аккредитация тизимида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, унинг шаффофлигини таъминлаш ва халқаро стандартларга мувофиқлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро талабларга мослаштириш, давлат назоратини оптималлаштириш, инновацияларни жорий этиш суръатларини ошириш ҳамда миллий маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА