Япониялик профессор, халқаро кузатувчи Тетсужи Танака Термиз шаҳрида бўлиб, Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев билан учрашди.
Унда вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси, Термиз шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди.
Учрашувда вилоятнинг туристик салоҳияти, Термиз шаҳрида барпо этиладиган замонавий “Япон боғи”, япониялик машҳур археолог Кюдзо Като мемориал музейи қурилиши ва олимнинг хотира ҳайкалини ўрнатиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Меҳмонга дастлаб қадимий воҳанинг бой туристик ва инвестициявий туристик салоҳияти, тарихий ва археологик ёдгорликлари, Термиз шаҳри марказидаги 5,5 гектар майдонда бунёд этилиши режалаштирилган “Япон боғи” лойиҳаси, Кюдзо Катонинг виилоятда амалга оширган археологик илмий-тадқиқот ишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Профессор Тетсужи Танакани “”Япон боғ”и лойиҳаси билан яқиндан танишиштириш жараёнида унинг 3D видеоролиги намойиш этилди.
- Бу боғни Термиз шаҳри марказидаги “Бахт боғи” ҳудудидан қуриш режалаштирилган, - дейди вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Зебунисо Алимарданова. - Бунинг учун шааҳар ҳокимлиги 5,5 гектар ер ажратган. “Япон боғи”да Кюдзо Като мемориал музейини қуриш ва олимнинг хотира ҳайкалини ўрнатиш баробарида 100 ўринли муҳташам меҳмонхона ҳам барпо этилади. Боғ атрофи яшил майдонга айлантирилиб, ранг-баранг гулзорлар ташкил қилинади. Йўлаклар қурилади.
Мазкур лойиҳа япониялик меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
- Мамлакатингизга бу сафар келишдан мақсад Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатидаги миссиям бор эди, - деди Профессор Тетсужи Танака. - Термизга эса Кушон ҳукмронлиги даврида бунёд этилган буддавийлик археологик ёдгорликларини кўриш ва яна Термиз шаҳрида барпо этиладиган “Япон боғи”да жаноб Кюдзо Като хотирасига бағишланган ҳайкал ўрнатиш, келгусида ҳудудда олиб бориладиган археологик қазиш ишларига япон олимларини ҳам жалб этиш масалаларини ўрганиш учун келдим. Келгуси йил май ойида машҳур археолог олим Кюдзо Като таваллудининг 100 йиллиги нишонланади, Ҳассос археологнинг ҳайкали Тожикистон Республикасида тайёрланмоқда. Уни олиб келиб, шу боғга ўрнатишни биз ўз зиммамизга оламиз. Шунингдек, мазкур лойиҳа бизнинг ғояларимиз ҳам эътиборга олиниб, амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Учрашув якунида япониялик профессор боғ барпо этиладиган ҳудуд билан танишиб, таклиф ва тавсияларини билдирди. Термиз туманидаги “Фаёзтепа” археологик ёдгорлигини томоша қилди. Ўзбекистонни Афғонистон билан боғлайдиган Термиз-Хайратон” кўпригини бориб кўрди.
Холмўмин Маматраимов, ЎзА