Термизда волейболчи хотин-қизлар баҳслашди
Термиз шаҳрида мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг волейбол тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг мамлакат финал босқичи ўтказилди.
Тўрт кун давом этган беллашувда мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган жамоаларнинг спортчи қизлари 16–21, 22–30 ёш тоифаларида ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган мусобақаларда волейболчи хотин-қизлар ўз маҳорати, жисмоний тайёргарлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва ғалабага бўлган қатъий интилишини кенг намоён этди.

Мусобақа якунида 16–21 ёш тоифасида биринчи ўринни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Бойқишлоқ маҳалласи қизлари эгаллади. Иккинчи ўринни Самарқанд вилоятининг Пасдарғом тумани Санчиқул маҳалласи, учинчи ўринни Бухоро вилояти, Бухоро шаҳридаги Ёшлик маҳалласи жамоалари қўлга киритди. 22–30 ёш тоифасида биринчи ўринни Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Машъал маҳалласи, иккинчи ўринни Фарғона вилояти, Қўштепа туманидаги Дўстлик маҳалласи, учинчи ўринни Сурхондарё вилоятидаги Денов туманининг Ўзгариш маҳалласи хотин-қизлари эгаллади.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига кубок, диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
0