Тергов сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида ходимлар малакаси оширилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тергов сифатини ошириш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тизимда тергов сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида терговчиларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада амалий тадбирлар изчил ташкил этилиб, уларнинг навбатдагиси Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида ўтказилди.
Хусусан, Бош прокурор ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори Қ.Исроилов ва Бош прокуратуранинг прокуратура органлари тергов тармоқлари фаолияти устидан назорат бошқармаси бошлиғи А.Имомназаров Тошкент ҳарбий прокуратурасида терговчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Кейинги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида давом этиб, маҳкама ва ҳудудий ҳарбий прокуратураларнинг барча ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа тарзида очиқ мулоқот ва ўқув машғулоти ўтказилди.
Жараёнда тергов ҳаракатларини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган, замонавий криминалистик техник воситалар билан жиҳозланган намунавий “Тергов портфеллари” ва “Insta 360” русумли камералар топширилди.
Тадбир давомида ўз хизмат вазифаларини бажаришда намуна бўлган бир қатор ходимлар рағбатлантирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА