Терговчи айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиши, далилларга холис баҳо бериши шарт
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида «Замонавий терговчига қўйиладиган талаблар: касбий интеллект ва маънавий-ахлоқий фазилатлар» мавзусида тадбир ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 ноябрдаги «Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги фармонида жиноятларни тергов қилиш соҳаси учун кадрлар тайёрлашни амалиёт билан узвий боғлаш назарда тутилган.
Фармон ижроси доирасида Академияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, Бош прокуратура раҳбарияти билан ўтказилаётган учрашувлар бўлажак терговчиларга касб талабларини бевосита муҳокама қилиш ва дунёқарашини кенгайтириш имконини бермоқда.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев билан мулоқотда терговчининг касбий масъулияти, қонунийлик ва адолат тамойилларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Б.Валиев терговчи жамият ва давлат ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шу боис, унинг касбий масъулияти жуда юқори ҳамда мураккаб вазиятларда қонуний ва асослантирилган қарорлар қабул қилишда етарли билим ва тажрибага эга бўлиши зарур.
Тадбирда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда жиноятларни тергов қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамиятига жиддий эътибор қаратилди. Жиноят содир этиш усулларининг мураккаблашуви ва рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши терговчилар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда терговчи чуқур ҳуқуқий билим ва пухта амалий тайёргарликка эга бўлиши лозим. У мустақил, таҳлилий ва танқидий фикрлай олиши, далилларни ҳар томонлама баҳолаши, рақамли ахборот билан ишлаши ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиши керак.

Зотан, ҳар бир процессуал қарор инсон тақдирига, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир қилади. Шу сабабли қонунийликни таъминлаш, айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиш, далилларга холис баҳо бериш ва терговга ноқонуний таъсир ўтказилишига йўл қўймаслик каби касбий фаолиятнинг устувор талабларига оғишмай риоя этиш шарт.
Академия раҳбарияти, Бош прокуратуранинг соҳавий бошқармалари бошлиқлари, Академиянинг таркибий тузилмалари раҳбарлари ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда талабаларга келгусидаги хизматга тайёргарлик, касбий билимларни мунтазам ошириб бориш, назарий билимларни амалиётда қўллаш ҳамда замонавий тергов усулларини эгаллаш масалалари бўйича тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА