Теннисчи қизларимиз энди мезбонларга қарши ўйнайди
Куала-Лумпурда теннис бўйича ўтаётган "Billie Jean King Cup"да Ўзбекистон аёллар терма жамоасини кейинги босқичда нималар кутмоқда?
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида теннис бўйича давом этаётган "Billie Jean King Cup" мусобақасининг Осиё/Океания минтақаси II гуруҳида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси навбатдаги ғалабани қўлга киритди.
“В” гуруҳидан ўрин олган теннисчиларимиз мусобақанинг иккинчи турида Лаос терма жамоасига қарши кортга чиқди. Мазкур ўйиннинг яккалик баҳсларида дастлаб Нигина Алимова лаослик Алия Вонгдалани 6:0, 6:1, кейинги учрашувда Севил Йўлдошева Делила Патуммакуроненни 6:2, 7:5 ҳисобида енгди.
Афсуски, жуфтлик беллашувларида Фотима Маҳмудова ва Кейра Ким тандеми Сиана Макдональд/Делайла Патуммавонгга қарши кортга чиқиб, 2:6, 7:6, 3:10 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Айни дамда Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Гуруҳ пешқадами эса Хитой Тайпейи бўлиб турибди. Кучли учликни малайзиялик теннисчилар якунлаган. Шри-Ланка ва Лаос эса 4-5 поғоналардан ўрин олган.
Энди гуруҳ босқичининг учинчи турида теннисчиларимиз 19 июнь куни Малайзия билан рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА