“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунда “темир йўл транспорти” тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда баён этилмоқда. Бунда, республиканинг темир йўл транспорти умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортига ажратилмоқда.
Қонун билан темир йўл транспортида бозор тамойиллари асосида эркин шакллантириладиган тарифлар аниқ белгиланмоқда.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.
Қонунга кўра, юк вагонларини тақдим этиш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми мустаҳкамланмоқда. Бу йўловчилар манфаатларига хизмат қилади ва, муҳими, чипталар нархлари талабга мувофиқ шаклланишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, йўловчиларни ички қатновларда ташиш (бундан йўловчиларни юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда ташиш мустасно) билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби жорий этилмоқда.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА