25 февраль куни Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Эге университети ўртасида англашув меморандумини онлайн имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Эге университети Туркиянинг Измир шаҳрида 1955 йилда ташкил этилган. 70 минг талаба таҳсил олади, 3 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчи педагогик фаолият олиб боради. Университет таркибида 17 факультет, 9 институт ва 37 илмий тадқиқот маркази мавжуд. Халқаро CWUR рейтинги бўйича Эге университети дунёнинг 800 та энг яхши университети қаторидан жой олган.
Имзоланган меморандум профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашиш, биргаликда тадқиқотлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини тарғиб этиш, ўқув адабиётлар алмашинувига кўмаклашишни қамраб олган.
Маросимда ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева ва Эге университети ректори Нечдет Будак мазкур келишув олимлар интеграцияси ва ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишга кенг йўл очишига ишонч билдирди.
Тадбирда факультетлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида иккала университетнинг 3 та факультети ҳам англашув меморандуми имзолади.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган онлайн маросимда ТДШУдан ташқари мамлакатимизнинг яна бир қатор олий таълим муассасалари Эге университети билан ҳамкорлик ўрнатди.
Маълумот ўрнида: Тошкент давлат шарқшунослик университети Туркиянинг Анқара, Истанбул, Мармара, Ғози, Анқара Ҳожи Байрам Вали, Отатурк университетлари ҳамда ТИКА ташкилоти билан англашув меморандумларини имзолаган, улар доирасида бугунги кунда тизимли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Элёр Маҳмудов,
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори