Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Эрон Ислом Республикасининг Аллома Таботабоий университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси расмийлаштирилди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Эрон Ислом Республикасининг Аллома Таботабоий университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси расмийлаштирилди. Онлайн тарзда имзоланган мазкур ҳужжат орқали Эрон олий таълим муассасалари билан ТДШУ муносабатларига тамал тоши қўйилди.
Юртимизда эроний (форс, дарий, пушту, тожик) тиллари ўқитилиши ва бу тилларда яратилган адабий, тарихий манбаларни тадқиқ этиш кўп асрлик тарихга эга. Шарқшунослик университетида эроншунослик анъанасига 1918 йилда асос солинган, эрон филологияси кафедрасининг кенг кўламли илмий ва ўқув-амалий фаолияти эса 1944 йилдан бошланган.
Ҳозир мазкур таълим даргоҳида эроншунослик бўйича мутахассис тайёрлаш бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида олиб борилади. Жорий ўқув йилида 500 нафарга яқин талаба форс тилини асосий шарқ тили сифатида ўрганмоқда. Эроншунослик мутахассислари филология, матншунослик ва адабий манбашунослик, тарих, фалсафа, иқтисодиёт ва сиёсат бўйича тайёрланмоқда.
Тадбирда ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона “очиқ эшиклар” сиёсати туфайли, жумладан, Эрон билан ҳам кўп қиррали ҳамкорлик ўрнатишда янги имкониятлар юзага чиққанини алоҳида таъкидлади. Бугун имзоланган ҳамкорлик шартномаси соҳа бўйича олий таълим сифатини ошириш, илмий изланишларни чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида Аллома Таботабоий университети ректори Ҳусайн Салимий ҳам ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим даргоҳи ҳақида батафсил маълумот берди.
- Университетимиз ижтимоий гуманитар соҳада Эрондаги ягона давлат олий таълим муассасаси бўлиб, чет элликлар учун форс тилини ўрганиш учун шароитлар яратилган мамлакатдаги ягона марказдир, - деди жумладан жаноб Салимий. - ТДШУ билан форс тили, адабиётини ўзлаштиришни йўлга қўйиш, шунингдек ижтимоий-гуманитар соҳадаги алоқаларни чуқурлаштириш ниятидамиз.
Эрон Ислои Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси учинчи котиби Муртазо Бакирий форс тили, адабиёти ва маданиятини Ўзбекистонда оммавийлаштиришга қўшаётган улкан ҳиссаси учун университет жамоасига самимий миннатдорлик билдирди. Ушбу таълим муассаси мамлакатимиздаги эроншунослик маркази бўлгани сабабли, элчихона ва Эрон олий таълим муассасалари ва ТДШУ ўртасида кўп томонлама алоқалар янада мустаҳкамланишига умид билдирди.
Бугунги кунда “Эрон-афғон филологияси” кафедрасида 5 нафар фан доктори, 5 нафар фан номзоди ва PhD педагогик ва илмий фаолият олиб боради. Эрондан таклиф этилган ўқитувчилар Сима Ҳусайн Аббосий, Муҳаммадризо Аслоний ва Кажол Алмасий ишлаяпти. Кафедра тарихида илк бор кузатилган ҳолат - бир йўла уч эронлик мутахассис ўқув жараёнига жалб этилиши мутахассислар томонидан ижобий баҳоланмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, ТДШУ 2018 йилда Эроннинг “Саъдий” фонди билан ҳамкорлик шартномаси имзолаган. Шу асосда Эронинг бир қатор университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кейинги 2 йил давомида университетнинг 7 нафар профессор-ўқитувчиси Эронда ташкил этилган турли халқаро конференцияларда иштирок этди, малака ошириш курсларида ўқиб келди. Пандемия шароитида ҳам 32 нафар профессор-ўқитувчимиз Аллома Таботабоий университети томонидан “Форс тили тарихи ва адабиёти" ҳамда “Форс тилини чет элликларга ўқитиш: CEFR талаблари асосида” мавзуларида масофавий тарзда ўтказилган малака ошириш курсларини ўтаб тегишли сертификатга эга бўлди.
Элёр Маҳмудов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори